14:30 | 25.07.24

                       

Ўзбекистон Марказий банки асосий ставкани пасайтирди

Марказий банк асосий ставкани йиллик 0,5 фоиз бандга пасайтириб, йиллик 13,5 фоиз даражасида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Марказий банк 25 июль куни асосий ставкани йиллик 0,5 фоиз бандга пасайтириб, йиллик 13,5 фоиз даражасида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Маълум бўлишича, июнь ойида умумий инфляция йиллик 10,6 фоиз даражасида шаклланиб, инфляциянинг барқарор компонентлари ва мева-сабзавотлар нархларида сезиларли пасайиш кузатилган. Ташқи бозорлардаги нархлар динамикаси ҳам импорт инфляциясига пасайтирувчи таъсир кўрсатишда давом этмоқда.

Шунингдек, озиқ-овқат товарлари инфляциясининг пасайиши ҳамда алмашув курси барқарорлиги аҳолининг инфляцион кутилмаларига ижобий таъсир кўрсатиб, июнь ойида сезиларли пасайишига олиб келган.

Базавий инфляциянинг пасаювчи динамикаси давом этиб, июнда 5,9 фоизга тенг бўлди ва йил бошидан 2,6 фоиз бандга пасайди. Бу энергия тарифлари ўзгаришининг иккиламчи таъсири кутилганидан паст бўлганлиги билан изоҳланган.

Жорий йилдаги базавий инфляция тенденцияси ва инфляцион омиллар таъсирининг кутилганидан пастроқ бўлиши ҳисобига инфляция прогнози пасайиш томонга қайта кўриб чиқилди. Йил якунида умумий инфляциянинг 9 фоиз атрофида шаклланиши ва 2025 йил охирида 5 фоизлик таргет даражасига яқинлашиши кутилмоқда.

Шунингдек, 2024 йилнинг II чорагида иқтисодий ўсиш тезлашишда давом этиб, I ярим йилликда иқтисодиёт реал ҳисобда 6,4 фоизга ўсди.

Марказий банк инфляциянинг 5 фоизлик таргетига эришишга қаратилган нисбатан қатъий пул-кредит сиёсатини амалга оширишда давом этади. Бунда, асосий ставка бўйича келгуси қарорлар инфляция динамикаси ва прогнози, инфляцион кутилмалар ҳамда макроиқтисодий кўрсаткичлар бўйича келгуси давр маълумотлари асосида қабул қилинади.

Маълумот ўрнида, Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2024 йил 12 сентябрга белгиланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: