15:41 | 03.05.24

                       

Ўзбекистон матбуот эркинлиги рейтингида 11 поғона пасайди

Ўзбекистон матбуот эркинлиги рейтингида 11 поғона пасайди. Мамлакатда ОАВ эркинлиги билан боғлиқ вазият «мураккаб»дан «жуда жиддий» босқичига ўтди.

«Чегара билмас мухбирлар» (Reporters Without Borders, RSF) халқаро нодавлат ташкилоти томонидан эълон қилинган матбуот эркинлиги бўйича 2024 йилги янги рейтингда Ўзбекистон 180 та давлат ичида 148-ўринни эгаллади. Мамлакат 2023 йилги рейтингдаги ўрнидан бирданига 11 поғона пастлади.

Фото: «Sugdnews»

Ўзбекистондаги вазият

«Президент Ислом Каримовнинг вафотидан сўнг ОАВ учун шароитлар бирозгина яхшиланди, ҳокимиятдагиларни танқид қилиш жуда мураккаблигича қолмоқда», — дейилади хабарда.

Мамлакатда ОАВ эркинлиги билан боғлиқ вазият «мураккаб»дан «жуда жиддий» (харитада тўқ қизил ранг) босқичига ўтди.

3 май – «Халқаро матбуот эркинлиги куни»

Маълумот учун, 3 май – «Халқаро матбуот эркинлиги куни» байрами. У ЮНЕСКО таркибига кирган мамлакатлар ташаббуси билан жорий этилган бўлиб, БМТ томонидан 3 май санасида байрам сифатида нишонлаш таклифи киритилган. 1991 йил айнан шу куни бутун дунёда матбуот эркинлигини жорий этиш ҳақидаги резолюциядан сўнг, Намибияда матбуот эркинлигини жорий этиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Мазкур байрам жамоатчиликка ахборот етказиб беришдек муҳим касб эгалариning – репортёрлар, журналистлар, муҳаррирлар, мухбирларнинг касб байрамидир.

Шу куни дунёнинг турли бурчакларида ЮНЕСКОга аъзо давлатлар томонидан соҳага оид мавзуларда тадбирлар ташкил этилади. Байрам ҳар йили бирон-бир мавзуга бағишланади, лекин ЮНЕСКО вакиллари томонидан бутун дунё бўйича матбуот эркинлигини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган инсонларни халқаро мукофот билан тақдирлаш маросими энг асосий тадбир сифатида қаралади.

Мукофот билан бутун ташкилот ёки алоҳида бир журналист тақдирланиши мумкин. Матбуот эркинлиги манфаатлари йўлида турли хавфли шароитларда ҳам сидқидилдан фаолият олиб бориш мукофот олишнинг асосий мезони ҳисобланади.

Марказий Осиё мамлакатлари

Марказий Осиё мамлакатларида матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият қуйидагича: индексда Қозоғистон 142-ўрин (-8), Қирғизистон 120-ўрин (+2), Туркманистон 175-ўрин (+1), Тожикистон эса 155-ўрин (-2)да қайд этилган.

Йиллик Жаҳон матбуот эркинлиги индексига кўра, дунё бўйлаб матбуот эркинлигига сиёсий ҳужумлар, жумладан, журналистларни ҳибсга олиш, мустақил оммавий ахборот воситаларини бостириш ва нотўғри ахборотни кенг тарқатиш ўтган йили сезиларли даражада ошган.

Бутунжаҳон матбуот эркинлиги индекси

«Чегара билмас мухбирлар» (Reporters Without Borders) ташкилоти томонидан 2002 йилдан буён Бутунжаҳон матбуот эркинлиги индекси юритилиб келинади. Индексда 180 та давлатнинг оммавий ахборот воситаларига, журналистларга муносабати таҳлил қилиниб, йиллик кўрсаткичлар эълон қилиб борилади. «Чегара билмас мухбирлар» ушбу кўрсаткичларни шакллантиришда 7 критерия — плюрализм, ОАВ мустақиллиги, қонунчилик базаси, медиа муҳит, ўз-ўзини цензуралаш, шаффофлик ва информацион тузилманинг сифат даражасини инобатга олади.

Хусусан, плюрализм (хилма-хиллик, рангбаранглик)ни аниқлашда медиа-маконда турли қарашларнинг мавжудлиги, қонунчилик ҳолатида ахборот сферасини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар базаси таҳлил қилинади. ОАВ мустақиллигида диний, иқтисодий ва сиёсий ҳокимиятдан тўла мустақил шароитда оммавий ахборот воситаларини шакллантириш имконияти, шаффофликда ахборот олиш билан боғлиқ масалаларда ташкилотларнинг очиқлиги ҳисобга олинади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: