10:11 | 20.02.24

                       

Ўзбекистон Японияга қуруқ мевалар экспорт қилади

Япониядаги элчихона вакиллари ушбу мамлакатнинг Хоккайдо префектурасида бўлди. Ташриф якуни бўйича Ўзбекистондан Японияга қуруқ мевалар, тўқимачилик маҳсулотлари экспортини ошириш юзасидан келишувга эришилди.

Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси делегацияси амалий ташриф билан ушбу мамлакатнинг Хоккайдо префектурасида бўлди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Маълум бўлишича, ташриф давомида Хоккайдо префектураси губернатори Наомичи Сузуки, Саппоро шаҳри мери Катсухиро Акимото, Хоккайдо университети вице-ректори Ая Такахаши, шунингдек, «ARCC Group», «Horizontal Line Cо.Ltd.», «ROYCE Confest Cо., Ltd.», «OISSA» ташкилотининг Хоккайдо бўлими раҳбарияти билан икки томонлама учрашувлар ўтказилди.

Ишчи ташриф мобайнида «ARCC Group» компанияси президенти ҳамда OISSA ташкилотининг Хоккайдо бўлинмаси раҳбари Киёши Ёкояма билан учрашув ўтказилди.

Япониянинг қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи йирик «ROYCE Confest Cо., Ltd.» компаниясининг ишлаб чиқариш заводига ташриф буюрилиб, ушбу компаниянинг халқаро алоқалар департаменти директори Маико Ямазаки билан учрашув ўтказилди. Маико Ямазаки билан суҳбат давомида «ROYCE Confest Co.,Ltd.» компанияси томонидан ишлаб чиқарилаётган қандолатчилик маҳсулотларида Ўзбекистонда тайёрланган қуруқ мевалардан (майиз, ёнғоқ) фойдаланиш масаласи муҳокама қилиниб, ушбу таклиф япон томонида катта қизиқиш уйғотди.

Ташриф давомида, шунингдек, «Horizontal Line Co.Ltd» компанияси президенти Рю Хирай билан ўзбек миллий маҳсулотларини япон бозорига экспорт қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Рю Хирай ҳозирги кунда компания томонидан «Silk Raisin» бренди остида қуритилган меваларни Японияга экспорт қилиш масаласи ишлаб чиқилаётганини маълум қилди.

Учрашув якунлари бўйича мамлакатимиздан Японияга қуруқ мевалар, тўқимачилик маҳсулотлари экспортини ошириш, ўзаро ҳамкорликда Хоккайдо префектураси савдо тармоқларида маҳаллий маҳсулотларни кенг тарғиб қилиш бўйича келишувга эришилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: