16:58 | 26.07.24

                       

Ўзбекистонда депутатлар сайлови ўтказилади

Ўзбекистонда октябрь ойида «Менинг танловим – обод Ватаним» шиори остида депутатлар сайлови ўтказилади.

Республикада янги ва технологик сайловларга старт берилди. Бу ҳақда Bugun.uz манбалари хабар берди.

Қайд этилишича, 2024 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашлари сайлови ўтказилади.

Конституциясининг 128-моддасига кўра, юқоридаги сайловлар уларнинг ваколат муддати тугайдиган йил октябрь ойининг учинчи ўн кунлиги биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланган.

Ушбу сайловлар мутлақо янги ижтимоий-сиёсий муҳитда ўтказилиши айтилди. Бунга бир неча сабаблар бор. Биринчидан, Ўзбекистон тарихида илк бор Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловлари аралаш сайлов тизими, яъни мажоритар-пропорционал тизим асосида ўтказилади. Депутатларнинг 75 нафари бевосита мажоритар тизим асосида, яъни сайловчилар аниқ шахсларга овоз бериши йўли билан, қолган 75 нафари эса, пропорционал тизим бўйича сиёсий партияларга берилган овозлар асосида сайланишади.

Иккинчидан, барча даражадаги сайлов комиссиялари фаолияти, уларнинг сайлов жараёнлари иштирокчилари билан ўзаро муносабатлари тўлиқ рақамлаштирилган. Сайлов тартиботларидаги бюрократия, ортиқча вақт сарфи ва ҳужжатлар ҳаракати қисқартирилган.

Учинчидан, сайлов қонунчилиги илғор демократик стандартларга мос равишда тубдан такомиллаштирилган.

Тўртинчидан, сайлов Янгиланган Конституция мустаҳкамлаган кучли парламентаризм ва жойларда вакиллик органларининг ваколатлари сезиларли даражада кучайтирилган шароитда ўтмоқда. Хусусан, Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари амалдаги 5 тадан 12 тага, Сенатда эса, 12 тадан 18 тага кўпайтирилди.

Сайловда 30 мингга яқин номзодлар, 90 мингга яқин уларнинг ишончли вакиллари сайлов жараёнида фаол иштирок этиши ҳамда 120 мингдан ортиқ сайлов комиссиялари аъзолари ташкилотчи сифатида, 70 мингдан ортиқ маҳаллий ва хорижий (халқаро) кузатувчилар иштироки кутилмоқда.

27 октябрдаги сайлов «Менинг танловим – обод Ватаним» шиори остида ўтказилиши эълон қилинди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: