11:33 | 08.05.24

                       

Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи 4,9 миллионга етди

Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи кўтарилди. Суғурта соҳасида ўртача ойлик 17,4 миллион сўмни ташкил этади.

Ўзбекистонда 2024 йил январь–март ойларида ўртача ойлик иш ҳақи қарийб 4,9 миллионга етган. Бу ҳақда Статистика агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, 2024 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистондаги ўртача ойлик иш ҳақи ўтган йилнинг мос даврига қараганда 815 минг сўмга ўсган. Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблашда жами 3 миллион 91 минг 950 нафар ходим маълумотларидан фойдаланилган. Лекин кўрсаткичда қишлоқ хўжалиги ва кичик тадбиркорлик субъектлари ҳисобга олинмаган. Агентлик маълумотларига кўра, фермер хўжаликлари ва кичик тадбиркорлик субъектлари йилда бир марта ҳисобот тақдим этади. Агар мазкур тармоқларда ишловчи ходимлар ўртача ойлик иш ҳақи ҳам ҳисобланса, умумий кўрсаткич пасайиши мумкин.

Ҳудудлар кесимида энг юқори миқдордаги ўртача ойлик иш ҳақи Тошкент шаҳрида қайд этилган — 8 миллион 116 минг сўм. Шу билан бирга, қолган ҳудудларга нисбатан юқори ўртача ойлик даромадлар:

  • Навоий (6,5 миллион сўм);
  • Тошкент (4,7 миллион сўм);
  • Андижон вилоятларида (4,4 миллион сўм);
  • Сурхондарё вилоятида — 3,5 миллион сўм кузатилган.

Январь–март ойларида ҳудудлар бўйича ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақининг энг юқори ўсиш суръатлари:

  • Андижон вилоятида (25,2 фоиз);
  • Тошкент шаҳрида (22,3 фоиз);
  • Фарғона вилоятида (21,5 фоиз);
  • Навоий вилоятида (18,8 фоиз);
  • Жиззах вилоятида (18,2 фоиз) кузатилди.

Биринчи чоракда иқтисодий фаолият бўйича ўртача ойлик иш ҳақининг энг баланд кўрсаткичи — банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолияти соҳасига тўғри келган — 13,2 миллион сўм. Хусусан, соҳа тармоқларидан бири молиявий хизматлар кўрсатиш ва суғурталаш бўйича ёрдамчи фаолиятда ўртача ойлик иш ҳақи 17,4 миллион сўм бўлиб, қолган тармоқлардагига қараганда энг юқори кўрсаткични ташкил этган.

Шунингдек, ахборот ва алоқа соҳасида ўртача ойликлар 11,7 миллион сўмни ташкил этган. Унинг тармоқларидан бўлган компьютер дастурлаштириш, маслаҳат бериш ва бошқа ёрдамчи хизматларда ўртача ойлик энг юқори кўрсаткич — 17,7 миллион сўмгача етган. Ўз навбатида, ташиш ва сақлаш соҳасида ўртача ойлик иш ҳақи 7,3 миллион сўм, саноатда эса 6,1 миллион сўм бўлиб, ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан юқори кўрсаткични ташкил этган.

Таълим (3,4 миллион сўм), соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш (3,2 миллион сўм) соҳалари ўртача ойлик иш ҳақи миқдори бўйича бошқа соҳаларга нисбатан энг паст кўрсатгичда қайд этилган.. Мазкур соҳалардаги ўртача иш ҳақи республикадаги умумий ўртача ойлик иш ҳақидан сезиларли даражада кам.

Таълим соҳасининг асосий тармоқлари бўйича ўртача ойлик иш ҳақининг:

  • энг юқори кўрсаткичи олий таълимда (7,9 миллион сўм);
  • энг паст кўрсаткич эса мактабгача таълимда (1,8 миллион сўм) кузатилган.

Таълим соҳаси бўйича ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори кўрсаткичи:

  • Тошкент шаҳри (5,5 миллион сўм);
  • Наманган (3,4 миллион сўм);
  • Навоий вилоятларида (3,4 миллион сўм) қайд этилган.

Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасининг фаолият тури бўйича ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори кўрсаткичи:

  • Тошкент шаҳри (4 миллион сўм);
  • Қорақалпоғистон Республикасида (3,6 миллион сўм);
  • Хоразм вилоятида (3,5 миллион сўм) кузатилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: