14:20 | 26.07.24

                       

Ўзбекистонда тадбиркорлар лойиҳаларига 17,1 трлн ажратилди

«Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» 6 йил ичида 47 мингдан ортиқ лойиҳага 17,1 трлн сўм ёрдам берди.

«Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» мамлакатда тадбиркорликни ривожлантириш борасида 2018-2024 йиллар ичида амалга оширилган ишлар бўйича таҳлил тайёрланди. Бу ҳақда «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ўтган 6 йил давомида тадбиркорларнинг 47 мингдан ортиқ лойиҳаларига 17,1 триллион ажратилган.

«Бунда, 13,5 минг та лойиҳага 10,4 трлн сўм кафиллик, 33,5 минг та лойиҳага 6,7 трлн сўм компенсация, 49 та лойиҳага 35 млрд сўм миқдорида ресурс ҳамда 3 та лойиҳага 11,9 млрд сўм хизматлар ипотекаси молиявий ёрдамлари тақдим этилиши орқали тадбиркорлар қўллаб-қувватланди».

Компания томонидан тақдим этилган ёрдамлар қишлоқ хўжалиги лойиҳаларига 9,1 трлн сўм (53 фоиз), саноат лойиҳаларига 4,4 трлн сўм (26 фоиз) ҳамда хизмат кўрсатиш лойиҳаларига 3,6 трлн сўм (21 фоиз) тўғри келади.

Ушбу ёрдамлардан Хоразм (12 фоиз), Тошкент (10 фоиз), Бухоро (9 фоиз) вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида (9 фоиз) рўйхатга олинган тадбиркорлар қолган ҳудудлардаги тадбиркорларга нисбатан кўпроқ фойдаланилган.

Компания ёрдамларидан:

  • Боғот (315 млрд),
  • Чилонзор (313 млрд),
  • Ромитан (258 млрд),
  • Урганч (234 млрд),
  • Шовот (219 млрд),
  • Зангиота (187 млрд),
  • Гурлан (167 млрд ) туманлари ҳамда,
  • Бухоро (419 млрд),
  • Андижон (383 млрд),
  • Термиз (303 млрд сўм) шаҳарларида жойлашган тадбиркорлар энг фаол фойдаланган.

Ёрдамларнинг тақдим этилиши натижасида:

1) Жами 76 трлн сўмдан ортиқ кредитлар кафиллик ва компенсация молиявий инструменти асосида қўллаб-қувватланган;

2) айланма маблағлари учун 6,7 трлн сўмга яқин маблағлар тадбиркорлар ихтиёрида қолдирилган;

3) ажратилган кредитнинг 39 фоизи гаров таъминоти билан таъминланган;

4) тадбиркор аёлларнинг 6 мингга яқин лойиҳаларига ёрдам берилган;

5) яшил лойиҳа, хусусан, яшил ва энергия тежамкор лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун 2,1 трлн сўм йўналтирилган;

6) олис ҳудудлар (4-5 тоифа)даги тадбиркорлар учун 3,2 трлн сўм йўналтирилган;

7) тадбиркорларнинг бизнес-режаларига асосан лойиҳалар ишга тушиши ҳисобига 379,4 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.

Йил якунига қадар тақдим этиладиган ёрдамлар прогнози Тадбиркорларнинг 2,1 минг та лойиҳаларини амалга ошириш учун 1,4 трлн сўм миқдорида қўллаб-қувватланиши прогноз қилинмоқда.

Ёрдамларнинг тақдим этилиши ортидан кутилаётган натижа
1) Жами 2,2 трлн сўм миқдоридаги кредитлар кафиллик ва компенсациялаш асосида қўллаб-қувватланади;

2) айланма маблағлари учун 275 млрд сўм маблағ тадбиркорларнинг ўз ихтиёрида қолдирилади;

3) кредитларнинг 40 фоизи гаров таъминоти билан таъминланади;

4) яшил лойиҳа, хусусан, яшил ва энергия тежамкор лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун 168 млрд сўм йўналтирилди;

5) 1,2 мингдан ортиқ тадбиркорларнинг фаолиятидаги турли масалалар бўйича маслаҳатлар берилади;

6) лойиҳалар ишга тушиши ҳисобига 8 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.