21:22 | 14.11.24
Божхона ходимлари қадимий ва тарихий аҳамиятга эга тангаларни мамлакатдан ноқонуний олиб чиқишга уринган шахсни ушлади.
Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси маълумотларига кўра, «Қарши аэропорти» чегара божхона постида Қарши—Москва йўналишидаги учмоқчи бўлган фуқаро Х.Х.нинг қўл ва юк сумкаларидан рентген аппарати ёрдамида қадимий 116 дона танга аниқланган.
Қайд этилишича, тангалар божхона декларациясида кўрсатилмаган бўлиб, мамлакатдан олиб чиқиш тақиқланган бўлган.
Маданий мерос агентлиги хулосасида ушбу тангаларнинг Бухоро амирлиги даврида зарб этилганлиги ва тарихий аҳамиятга эгалиги қайд этилган. Қадимий тангалар Қашқадарё вилояти тарихи ва маданияти давлат музейига топширилган.
Ушбу ҳолат бўйича маъмурий иш очилиб, иш суд органларига юборилди.