16:01 | 18.07.24
Кўксарой қароргоҳида Садир Жапаровни кутиб олиш маросими ўтказилди. Шунингдек, президентларнинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди.
Кўксарой қароргоҳида мамлакатимизга давлат ташрифи билан келган Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровни кутиб олиш маросими бўлди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қароргоҳ олдидаги майдонда давлат байроқлари кўтарилиб, фахрий қоровул саф тортди. Ҳарбий оркестр икки давлат мадҳияларини ижро этди.
Шунингдек, икки раҳбар расмий делегация аъзоларини қутиб олишди.
Бундан ташқари Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда икки мамлакат ҳамкорлигининг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Ушбу ташриф доирасида товар айирбошлаш ҳажмини яқин йилларда 2 млрд долларга етказиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш тўғрисида келишувлар тузилди.Транспорт ва энергетика инфратузилмасини ривожлантириш бўйича янги лойиҳа таклифлари кўриб чиқилди.
Стратегик аҳамиятга эга “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли ва Қамбарота ГЭС-1 қурилишини тез фурсатда амалга ошириш масалаларига устувор эътибор қаратилди.