16:59 | 15.05.24

                       

Қотил нега қамоқдан озод қилинди?

Уч кишини ваҳшийларча ўлдирган қотил нега қамоқдан озод қилинди?

Ўта оғир жиноятларни содир этгани учун 15 йил муддатга қамалган маҳкум қамоқдан қандай қилиб озод этилди?

Жорий йилнинг 26 апрелида ЖИБ Қарши шаҳар суди томонидан 3-сонли жазони ижро этиш муассасасида сайёр суд мажлиси ўтказилади. Қамоқхонада ўтказилган суд мажлисида бир қатор шахсларга инсонпарварлик тамойили қўлланилиб, яъни маҳкумларни жазоси енгиллаштириб, айримларини қамоқдан озод қилиш тўғрисида ажримлар қабул қилинади, жумладан, 3 нафар инсоннинг қотилига айланган маҳкум ҳам қамоқдан озод қилиб юборилади.

Қамоқдан озод этилган қотил ким эди?

К.Ш исмли вояга етмаган шахс 2019 йилнинг 9 апрелида фукаро А.И.га тегишли мол мулкларни ўғирлайди. Буни фуқаро А.Х.ни сезиб қолади. К.Ш содир этган жиноятини яшириш максадида А.Х.ни бош қисмига болға билан уриб ўлдиргач, марҳумнинг жасадини 8 метр чуқурликдаги қудуққа ташлаб, тупроқ билан кўмиб ташлайди. Марҳумни ўлдириш билан қаноатланмаган қотил 10 апрель куни А.Х.нинг мулкини ҳам ўғирлаб, жиноятлари сонини оширади.

Қотиллик содир этилгандан 2 кун ўтгач, А.Хнинг бедарак йўқолганлигидан хавотирланган  турмуш ўртоги А.Х. (аёл) дугонаси А.К. билан вокеа жойига келиб, уни излаётган вақтда қотил уларнинг орқасидан келиб, қўлидаги болға билан аёлларни қасддан ўлдириш мақсадида бош қисмларига оғир тан жароҳат етказади. Шу билан у яна  икки шахсннинг ҳам қасддан ўлдириган қотилга айланади.

Қотилга қандай жазо тайинланган?

ЖИБ Тошкент шаҳар судининг ҳукми билан К.Ш. 2019 йилнинг 2 октябр куни ЖК нинг 97 моддаси 2 кисми “а” банди (жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда икки ёки ундан ортиқ шахсни  қасддан ўлдириш), 25-97 моддаси 2 қисмининг “а”, “о”, “р” бандлари (икки ёки ундан ортиқ шахсни, бошқа бирор жиноятни яшириш ёки унинг содир этилишини осонлаштириш мақсадида, такроран жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатда қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш), ЖКнинг 169-моддаси 1-қисми (ўғирлик), ЖКнинг 169-моддаси 3-кисми “а” банди (такроран ўғирлик)да назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилиб, вояга етмаган шахслар учун бериладиган энг оғир жазо, 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Қотилнинг қамоқдан озод қилиниши

Маълум бўлишича, маҳкум К.Ш. ЖИБ Қарши шахар судига жазони енгиллаштириш тўғрисида, ўзбек тилида, бир варақдан иборат, ёзилган санаси кўрсатилмаган илтимоснома билан мурожаат қилади. 26 апрел санасида илтимоснома рўйхатга олинади. Биргина маҳкумнинг судга берган илтимосномаси асосида, шу куннинг ўзида илтимоснома суд девонхонасида рўйхатга олиниб яшин тезлигида ажрим қабул қилинади.

Натижада, 22 ёшли маҳкумнинг жазони енгиллаштириш тўғрисидаги илтимосномаси қаноатлантирилиб, ЖК нинг 90-моддаси 3-қисми “б” бандига кўра унинг ўталмай қолган 9 йил-у 11 ой 17 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси шу муддатга ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирилади. У қамоқдан озод қилинди. Суд ҳукми нусхаси Bugun.uz ихтиёрида мавжуд.

Биз, ушбу шахсга нисбатан қўлланилган инсонпарварлик тамойили, деб номланган суднинг сайёр мажлисига эътибор қаратдик ва бу ҳолат тафсилотларини ўрганишга ҳаракат қилиб кўрдик.

Мазкур 2024 йил 26 апрелдаги суд ажрими қонуний кучга кирганлигини эътиборга олиб, суд ажримининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлиги юзасидан ошкора мулоҳаза юритсак.

Ҳолатни ўрганиш жараёнимизда маҳкум К.Ш. ЖИБ Қарши шахар судига жазони енгиллаштириш тўғрисида, ўзбек тилида, бир варақдан иборат, ёзилган санаси кўрсатилмаган илтимоснома билан мурожаат қилган.

К.Ш. содир қилган жиноятлар ЖК нинг 15-моддасига кўра ўта оғир жиноятлар ҳисобланади. Бироқ судья Б.Диёров бу жиноятларни, ўта оғир жиноятлар эмас, оғир турдаги жиноят деб ҳисоблаб, ЖК нинг 90-моддаси 3 қисми “б” бандини қўллаганлиги бир қанча саволлар туғдиради.

Ишда Судья Б.Диёровнинг маҳкум К.Ш.га нисбатан инсонпарварлик тамойилини, биргина унинг илтимосномаси асосида қўллаганлигини кўришимиз мумкин.

Тўғри, ЖК нинг 90-моддаси 1 қисмига кўра ўн саккиз ёшга тўлгунча содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган шахсга нисбатан жазонинг ўталмаган қисми енгилроқ жазо билан алмаштирилиши мумкинлиги ҳақида ёзилган. Аммо Конституциямиз ва мазкур кодексга асосланилса, суд қарорлари қонуний бўлиш билан бирга асосли ва адолатли бўлиши ҳам назарда тутилганлигини қайд этиб ўтиш керак.

Жиноят Кодексининг 90-моддаси 2 қисмига кўра жазони енгилроғи билан алмаштириш ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган жазо турлари учун белгиланган тартиб-қоида талабларини бажарган ва меҳнат ёки ўқишга ҳалол муносабатда бўлиб келаётган маҳкумга нисбатан қўлланилиши мумкинлиги белгиланган.

Жиноят ижроия кодексининг 971, 1021-моддаларига кўра, маҳкумнинг тузалиш йўлига ўтганлигини аниқлаш мезонлари сифатида маҳкумга нисбатан рағбатлантириш чоралари қўлланилганлиги кўрсатилган бўлиб, маҳкумни тузалиш йўлига ўтган деб топиш тўғрисидаги хулоса махсус комиссия томонидан расмийлаштирилиши ва унинг шахсий йиғмажилдига қўшиб қўйилиши кўзда тутилган.

Суднинг ажримида К.Ш. жазони ўташ мобайнида жазо олмаганлиги, шунингдек рағбатлантирилмаганлиги кўрсатилган. Демак, гарчи К.Ш. жазони ўташ тартиб-қоида талабларини бажарган бўлсада,  бироқ меҳнатга ва ўқишга ҳалол мунособатда бўлмаган деган хулосага келиш мумкин. Чунки у бирор марта ҳам рағбатлантирилмаганлигини кўриш мумкин.

Жиноят ижроия кодексининг 1021-моддасига кўра ҳар бир жазони ижро этиш муассасида  жазони ижро этиш муассасасининг ходимлари, шунингдек жамоатчилик вакиллари орасидан камида саккиз нафар аъзодан иборат комиссия тузилади. Комиссия таркибига жамоатчилик вакилларидан, қоида тариқасида, халқ депуталари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) минтақавий вакиллари, ўзини ўзи бошқариш органларининг, жамоат ташкилотларининг ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлган вакиллари киради.

Бироқ 2024 йил 26 апрелдаги суднинг ажримида 3-сонли жазони ижро этиш муассасасида тузилган комиссиянинг К.Ш.нинг тузалиш йўлига ўтганлиги тўғрисидаги хулосаси мавжуд эмас.

Қонунчиликка қўра: Адлия вазирлигида 2013 йил 29 июлда 2495-сон билан руйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг 2012 йил 29 декабрдаги №174-сонли буйруғига Илова “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазони ижро этиш муассасаларининг ички тартиб қоидалари”нинг 474-486 бандларига кўра жазони ижро этиш муассасаси махсус бўлими ҳар ойда инсонпарварлик тамойилини қўллаш мумкин бўлган маҳкумларни рўйхатини тузиши, ҳужжатларни тайёрлаб, жазони ижро этиш муассасасида ташкил килинган комиссияга тақдим қилиши, бу рўйхат маҳкумларга эълон қилиниши, комиссия кўриб чиқиб, маҳкумга инсонпарварлик тамойилини кўллашни лозим деб топса, бу ҳақида қарор чиқариши, шунга асосан маъмурият судга такдимнома киритиши белгилаб қўйилган.

Аммо 3-сонли жазони ижро этиш муассасаси томонидан бу ҳақида тақдимнома киритилмаган. Шундан келиб чиқиб, агарда жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти маҳкум К.Ш.га нисбатан инсонпарварлик тамойилини қўллаш тўғрисида тақдимнома киритишни рад қилган тақдирдагина  маҳкумнинг ўзи ёки унинг ҳимоячиси судга жазони енгиллаштириш тўғрисида илтимоснома киритиши лозим бўларди.

Судья асосли қарор чиқардими?

Иш ҳолатидан аён бўладики, судья Б.Диёров, ўта оғир жиноятларни содир этган К.Ш.га асоссиз ва адолатсиз ажрим чиқарганлиги ойдинлашади. Маҳкумнинг қамоқдан озод этилиши жабрланувчилар, яъни марҳумларнинг қариндошлари ва яқинларида судга нисбатан нафрат ва ишончсизлик уйғотишига сабаб бўлиши мумкин.

Жиноят кодексининг 2-моддасида жиноят кодексининг вазифалари шахсни, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлат манфаатларини, мулкни, табиий муҳитни, тинчликни, инсоният хавфсизлигини жиноий тажовузлардан қўриқлаш, шунингдек жиноятларнинг олдини олиш, фуқароларни республика Конституцияси ва қонунларига риоя қилиш руҳида тарбиялашдан иборатдир деб белгилаб қўйилган.

Юқоридаги  каби шошма-шошарлик билан ўтказилган сайёр суд оммага ОАВ орқали эълон қилиниши ортидан бу ҳолатга гувоҳ бўлган ёшларда жиноятнинг ҳар қандай оғир турини амалга оширганда ҳам судьянинг бир сўзи билан жазодан озод қилиниши ҳақидаги тасаввурлар пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.

Қотилни қамоқдан озод қилган Судья

Ушбу судья ўзининг “ажабтовур” қарорлари билан аллақачон Оммавий ахборот воситалари эътиборига тушиб улгурган.

Б.Диёров, 2022 йилнинг 20 октябрида ЖИБ Қарши шаҳар судининг раиси бўлиб ишлаб туриб, қарийб олтмиш миллиардлик ерларни ноқонуний сотишда айбланган Қарши шаҳар собиқ ҳокими Ж.Ф.га нисбатан Қашқадарё вилоят прокурорининг  “қамоққа олиш тўғрисида”ги илтимосномасини рад қилиб, собиқ ҳокимни қамоқдан озод қилган эди.

Бу ҳақда ОАВ ларда бонг ургандан сўнг, унинг ажрими апелляция инстанциясининг 2022 йил 22 октябрдаги ажрими билан бекор қилиниб, собиқ ҳокимга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Кейинчалик собиқ ҳоким Ж.Ф. айбли деб топилиб, озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган эди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: