Самарқанддаги буюм бозорида ёнғин содир бўлди
Ёнғин бозор ҳудудидаги ошхонада келиб чиққан.
Самарқанд вилояти Булунғур туман буюм бозори яқинида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати Bugun.uz’ga маълумот берди.
Бугун, 25 сентябр куни, куннинг иккинчи ярмида ижтимоий тармоқларда Булунғур тумани марказида жойлашган «Булунғур буюм бозори» МЧЖ ҳудудида ёнғин келиб чиққанлиги маълум қиинган видеолавҳалар тарқалди.
Туман Фавқулодда вазиятлар бўлими берган маълумотга кўра, бўлимга бу ҳақда соат 15:36 да хабар келиб тушган. Воқеа жойига махсус техникалар соат 15:40 да етиб борган. Жараёнга жами 8 та махсус техника жалб этилган бўлиб, ёнғин соат 15:45 да ўраб олинган ва 16:50 да тўлиқ бартараф этилган.
Дастлабки маълумотгарга кўра, ёнғин тадбиркор Р.Ғайбуллаев номида бўлган «Регистон» номли ошхонада келиб чиққан. Ҳодиса натижасида 15-20 м/кв. майдон зарарланган. Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ва етказилган зарар миқдори аниқланмоқда.