13:40 | 13.11.24

                       

Самарқандда 8 синф ўқувчиси зўрланди

Самарқандда бир гуруҳ шахслар 8 синф ўқувчи қизни зўрлади. Улар қизни бир неча кун калтаклаб, спиртли ичимликлар ва ноқонуний моддалар истеъмол қилишга мажбурлаган.

Самарқанд вилоятида 8-синф ўқувчиси бир гуруҳ шахслар томонидан зўрланди. Бу ҳақда Nemolchi.uz хабар берди.

Маълум қилинишича, 23 октябрь куни Самарқанд вилояти туманларидан бирида 8-синф ўқувчиси зўрланди. Қариндошларининг сўзларига кўра, орадан маълум вақт ўтгач, улар қизлари йўқолгани ҳақида ариза ёзишган. Баданида зўравонлик излари бўлган қиз 6 ноябрь куни топилади. Қизнинг сўзларига кўра, уни бир неча кун калтаклаб, спиртли ичимликлар ва ноқонуний моддалар қабул қилишга мажбурла, иродасига қарши ушлаб туришган ва зўрлашган. Унинг яқинлари қизни шифокорга олиб боришди.

Ички ишлар вазирлиги аниқлик киритишича, Жиноят кодексининг 119-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, барча иштирокчилар аниқланиб, тегишли суд-тиббий экспертиза тайинланган.

«Қиз яқинларининг сўзларига кўра, иш бир-икки кун аввал очилган ва зўрлаганлар орасида прокуратурада ишловчи шахс ҳам бўлиши мумкин (аммо у эски сана билан ишдан бўшатилган) — эҳтимол бу ишнинг кеч очилиши ва гумонланувчилар ҳали ҳам озодликда юрганига сабаб бўлгандир.

Жабрланувчининг яқинларининг сўзларига кўра, 7 ноябрь куни (қиз топилганнинг эртасига) терговчи уни гумонланувчилар билан битта машинада, лекин ота-онасисиз кўрикдан ўтказиш учун олиб кетган. Қиз эса эскперт эркак бўлгани учун экспертизадан бош тортди. Шунинг учун экспертиза 10 ноябрь куни (яна қариндошларсиз) ўтказилди. Аммо қонида алкоголь ёки зарарли моддалар бор-йўқлигини текшириш учун ундан қон олинмаган.

Жабрланувчи қиз билан мактаб психологи ҳам ишлаши мумкин эди, лекин мактабда унга бундай ёрдам тақдим этилмади. Лекин қиз мактабга бормагани учун унинг ота-онасига жарима солишди. Кўп болали оила (5 нафар фарзандлари бор) 1,2 млн сўм миқдорида жарима солишди. Айни дамда қиз мактабга боришдан қўрқиб турибди, негаки ҳамма бўлган воқеадан хабардор.

Юқорида айтганимиздек, гумонланувчилар озодликда. Улар қизнинг яқинларининг устидан очиқчасига кулиб юришибди. Улар иш кеч очилгани учун жазодан қочишларига ишонишмоқда, чоғи», дейилади хабарда.

Болалар омбудсмани ушбу ҳолат Самарқанднинг Қўшработ туманида содир бўлганини маълум қилди.

Ҳолат юзасидан гумонланувчи шахсларга нисбатан ЖКнинг 119-моддаси (Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳозирда жиноят иши доирасида вояга етмаган қизга нисбатан тегишли суд-тиббиёт ва биологик экспертизалари тайинланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: