9:58 | 30.07.24
«Мен учун укам ҳам, ўғлим ҳам панжара ичига кириб кетяпти». Самарқандда аёл ва икки эркак катта лейтенантни ҳақоратлаб, дўппослади.
Самарқандда профилактика инспекторини урган шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 2024 йил 23 июль куни соат 17:30 ларда Самарқанд шаҳар Сиёб маҳалласида яшовчи фуқаро навбатчилик қисмининг «102» қисқа рақамига мурожаат қилиб, Оқдарё тумани «Наврўз» маҳалласи Зарафшон кўчасида жойлашган кўп қаватли уйлар олдида нотаниш фуқаролар унга тегишли Nexia-3 русумли автомашинасининг ойналарини синдириб, ўзини уриб, тан жароҳати етказганлигини маълум қилган.
Чақирувга асосан Оқдарё тумани ички ишлар бўлими инспектори катта лейтенант воқеа жойига етиб бориб, жанжал қилган фуқароларни «Наврўз» маҳалласида жойлашган хизмат хонасига олиб борган. Ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида мурожаат қилган фуқаро билан суҳбатлашиб турган вақтида, ҳуқуқбузарлар 35 ва 19 ёшли йигитлар ҳамда 47 ёшдаги аёл «нима учун хизмат хонасига биринчи бизни киритмайсан, биз ҳам 102 рақамига мурожаат қилганмиз» дея жанжал кўтарган. Инспектор уларга навбатма навбат суҳбатлашишини айтганда, улар ходимни ҳақоратли сўзлар билан сўкиб, хонадан чиқиб кетган. Инспектор уларга кетиб қолмаслигини, ҳолат бўйича тушунтириш хатлари олиши лозимлигини айтган вақтида, аёл киши келиб ходимнинг кийимидан тортиб ҳақоратлаган. Аёлнинг укаси ва ўғи эса профилактика инспекторини уриб, тепган ва йиқитиб танасининг турли жойларига тан жароҳати етказган. Шундан сўнг уччала фуқаро ҳам ўзларига тегишли бўлган автомашинага ўтириб, воқеа жойидан кетиб қолган.
«Аччиқ устида укамга телефон қилиб, укамни чақирдим. Мени бир марта кечиришингизни сўрайман. Мени ёшим 47да. Аёллигимга бориб, тилимга эрк берибман. Пушаймон ростдан. Мен учун укам ҳам, ўғлим ҳам панжара ичига кириб кетяпти» — деди айбланувчи аёл.
Мазкур ҳолат юзасидан Оқдарё туман прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда 3 нафар гумонланувчилар процессуал тартибда қамоққа олинди.