21:18 | 12.07.24

                       

Самарқандда машина етказиб беришни ваъда қилганлар ушланди

Самарқандда машина етказиб беришни ваъда қилганлар ушланди. Улар бу иши учун фуқаролардан 547,6 млн сўм олган.

Самарқанд шаҳрида олдиндан тўлов эвазига автомашина етказиб беришни ваъда қилган фирибгарлар аниқланди. Бу ҳақда Прокуратура Департаменти матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Самарқанд шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “B.A.” ва “A.A.” МЧЖ раҳбарлари автолизинг фаолиятини йўлга қўйиб, 10 нафар фуқарога лизинг кредити асосида 60 ой муддатга автомашиналарни етказиб беришни ваъда қилиб, автомашиналарни етказиб бермасдан уларнинг жами 547,6 млн сўмини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганликлари аниқланган.

Шу каби, Самарқанд шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда муқаддам фирибгарлик ва бошқа жиноятлари учун судланган фуқаролар Б.Ғ. ва У.С. жорий йилнинг март ойида “A.H.” МЧЖни ташкил этиб, интернет сайтлари орқали “UzAutoMotors” компаниясида ишлаб чиқарилган янги автомашиналарни олдиндан тўлов эвазига 5-10 кун муддат ичида етказиб беришлари ҳақида эълонлар бериб, 4 нафар фуқаронинг жами 380,6 млн сўмини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганликлари аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.