17:30 | 23.07.24
Самарқандда қадимий ибодатхона топилди. Ибодатхона диний мавзудаги суратлар билан безатилган.
Ургутда қадимий Сўғд маданиятига оид ибодатхона ва ноёб деворий суратлар топилди. Бу ҳақда Миллий ахборот агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Самарқандда Сўғд маданиятига оид ибодатхона топилди.
Самарқанд археология институти мутахассиси Алишер Сандибоевнинг айтишича, ибодатхона илк ўрта асрларга тегишли бўлиб, унинг тарҳи тўғри тўртбурчак шаклда ва деворлари диний мавзудаги суратлар билан безатилган.
«Ибодатхона деворларининг сақланиб қолган баландлиги 3 метрни ташкил этади ва унда 5 та эшик мавжуд. Деворларда юзи овалсимон ва қулоқлари зебу-зийнатларга бой маъбуданинг тасвирлари сақланиб қолган. Бу тасвирларда қанотли, устки қуббаси ярим ой шаклида бўлган тож ҳам кўзга ташланади. Шунингдек, ибодатхона деворларидаги сурат парчаларида турли персонаж тасвирлари ҳам учрайди, бу эса ибодатхонада бир нечта илоҳ тасвирланганини кўрсатади», — деди Алишер Сандибоев.
Алишер Сандибоев ибодатхона топилган жойда Маданий мерос агентлиги Самарқанд вилоят бошқармасининг Ургут тумани бўлимини ташкил этишни таклиф қилди. Унга кўра, бу таклиф амалга оширилса туман ҳудудидаги 200 дан ортиқ маданий мерос обидаларини ўрганиш ва фотосуратга олиш ишлари осонлашади.
Иккинчи таклиф эса туманда музей ташкил этиш. Бу музей осори атиқаларни аҳоли ва хорижликларга таништириш, ҳамда туризмни ривожлантириш учун муҳим. Музейда қадимий Ургут тарихига оид ашёлар сақланиб, илмий ўрганилади ва намойиш этилади. Шу билан бирга, илмий тадқиқот ишларини мувофиқлаштирувчи илмий марказ сифатида ҳам хизмат қилади.
«Ибодатхона деворларида токчалар ҳам мавжуд бўлиб, улардан бирининг ичида лойдан ясалган ҳайкалнинг қўл ва оёқ қисмлари топилган. Археологлар бу ибодатхона VII-VIII асрларда фаолият кўрсатган, лекин 712 йилда араблар Самарқандга юриш қилганида ёқиб юборилганини тахмин қилишмоқда», — деди мутаххасис.
Сандибоевнинг фикрича, қадимий ибодатхонада музей ташкил этиш учун асослар ва материаллар мавжуд бўлиб, археологик ёдгорликларда топилган ашёлар музей фондини бойитиб боради
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: