10:04 | 26.11.23
Бу тизимда сайлов округлари бир мандатли ва ягона сайлов округларига бўлинади.
Кеча, 25 ноябрда бўлиб ўтган Сенатнинг қирқ еттинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилган Конституциявий Қонунга кўра Қонунчилик палатаси сайлови мажоритар-пропорционал (аралаш) сайлов тизими асосида ўтказилади. Бу тизимда сайлов округлари бир мандатли ва ягона сайлов округларига бўлинади. Унда Қонунчилик палатасининг 75 нафар депутати мажоритар сайлов тизими асосида бир мандатли сайлов округларидан, қолган 75 нафари пропорционал сайлов тизими (партиялар рўйхати) асосида сиёсий партияларга берилган овозлар бўйича ягона сайлов округидан сайланиши назарда тутилган.
Яна бир муҳим масала – сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодлар кўрсатилаётганда аёллар сонининг энг кам миқдорини номзодлар умумий сонининг 30 фоизидан 40 фоизига оширишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Шу билан бир қаторда сайлов комиссияларининг фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгаришлар маъқулланди. Хусусан, Марказий сайлов комиссияси тўққиз нафар аъзодан иборат таркибда сайланиши, Марказий сайлов комиссиясининг Раиси беш йиллик муддатга сайланиши, айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Марказий сайлов комиссиясининг Раиси этиб сайланиши мумкин эмаслиги қатъий белгиланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, қирқ еттинчи ялпи мажлисда Сенат Қозоғистон билан трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сиёсий партиялар ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш каби соҳаларда яқин ҳамкорликни назарда тутувчи иттифоқчилик ҳақидаги ҳужжатни ратификация қилганди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: