Сергелидаги портлаш бўйича янги маълумотлар пайдо бўлди
Bugun.uz омборхона портлашининг эҳтимолий сабаби ҳақида янги маълумотни қўлга киритди.
Аввалроқ, 2023 йилнинг 28 сентябр куни Тошкент шаҳри Сергели туманидаги омборхонада портлаш содир бўлган ва оқибатда бир нафар 17 ёшли мактаб ўқувчиси ҳалок бўлган эди. Воқеадан сўнг портлаш юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, дастлаб портлашнинг эҳтимолий сабаблари ичида омборхонада кимёвий моддаларнинг нотўғри сақлангани ҳақидаги тахмин тергов жараёнида асосий ўринда турганди.
Кейинроқ Bugun.uz ўз манбаларига таяниб, омборхонада портлаган кимёвий модда селитра бўлиши мумкинлигини ёзганди. Айни пайтга келиб, портлаш бўйича янги тафсилотлар пайдо бўлди. Bugun.uz’даги маълумотларга кўра, омборда ёнғин водород пероксид қоғоз ва тахта билан реакцияга киришгани сабабли келиб чиққан. Бунинг оқибатида аввал ёнғин келиб чиққан, сўнг кучли портлаш содир бўлган. Омборда гулқоғоз (обои) ҳамда тахта сақланган.
Мазкур маълумот ҳозирча расман тасдиқланмаган.