12:39 | 16.01.24

                       

Шавкат Мирзиёев солиқ тизими ва божхонани танқид қилди

Президент томонидан 2024 йилда Солиқ қўмитаси 40 триллион сўм, Божхона қўмитаси эса камида 15 триллион сўм тушумни таъминлаши муҳимлиги таъкидланди.

Шавкат Мирзиёев макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ривожланишни таъминлаш бўйича йиғилишда солиқ тизими ва солиқчилар фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш вақти келгани таъкидлади.

Жумладан, 40 мингта бюджет ташкилоти билан ишлаш вазифаси тумандан Солиқ қўмитасида янги ташкил қилинадиган Бюджет ташкилотлари инспекциясига ўтказилади. Ушбу Инспекция тўлиқ рақамлашган бўлади ва Ғазначилик электрон тизимига интеграция қилинади.

Шу каби солиқ қарздорлиги билан ишлаш бўйича ҳам қўмита қошида Солиқ қарзини ундириш инспекцияси ташкил этилади. Унга Мажбурий ижро бюросида мавжуд ваколатлар берилади. Бунинг ҳисобига, туманлардаги қўшимча 200 нафар солиқчини «маҳаллабай» ишлаш тизимига ўтказиш имкони бўлади.

Республика солиқ тушумининг 50 фоизини берадиган 80 та энг йирик корхона ва 35 та тижорат банки билан ишлайдиган алоҳида тизим бўлади. Бунинг учун Йирик солиқ тўловчилар бўйича инспекция таркибида янги тузилма ташкил қилиниб, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан бевосита ишлайди.

Президент божхонада ҳам бор имкониятлар тўлиқ ишга солинмаётганини қайд этди. Масалан, ўтган йили импорт бўлган 20 миллиард долларлик товарларга салкам 60 триллион сўмлик имтиёз қўлланган. Лекин ушбу имтиёзларнинг қанчаси мақсадли ва самарали қўллангани бўйича божхонада таҳлил йўқлиги кўрсатиб ўтилган.

Ўтган йили қўлланган имтиёзнинг бор-йўғи 3,2 триллион сўми ўрганилганда, уларнинг 420 миллиард сўми ёки 13 фоизи мақсадсиз қўлланган бўлиб чиқди.

Шу боис, Божхона қўмитасига имтиёз билан кирган товарларни корхонабай ўрганиб чиқиш топширилди. Умуман, бу йил қўшимча манбалар ҳисобидан Солиқ қўмитаси 40 триллион сўм, Божхона қўмитаси эса камида 15 триллион сўм тушумни таъминлаши муҳимлиги таъкидланди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: