18:24 | 08.04.24

                       

Шавкат Мирзиёев Жиззахга борди

Шавкат Мирзиёев Жиззахнинг Шароф Рашидов туманида қурилаётган «Янги Ўзбекистон» массивига борди.

Шавкат Мирзиёев Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида қурилаётган «Янги Ўзбекистон» массивини бориб кўрди. Бу ҳақда Президент мвтбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, туманнинг бу ҳудуди адир ёнбағри, ундан деярли фойдаланилмас эди. Ҳозир 140 гектарли улкан майдонда жадал қурилиш кетмоқда. Лойиҳа уч босқичли бўлиб, 3 минг 936 хонадонли 105 та кўп қаватли уй барпо этилиши режалаштирилган. Уйлар 9, 12 ва 16 қаватли бўлиб, бу ҳам Жиззах шароитида янгилик.

Айни пайтда биринчи босқич доирасида 204 хонадонли 4 та кўп қаватли уй, марказий қозонхона, шоурум ва ички йўллар қурилган. 

Яна 16 та турар жой, мактаб ва мактабгача таълим муассасаси, савдо маркази бунёд этилади. “Инно техно парк” аҳолини иш билан таъминлашда қўл келади.

Иккинчи босқич 2026, учинчиси 2028 йилларга режа қилинган. Бунда уйлардан ташқари маҳалла маркази, поликлиника, масжид, меҳмонхона, болалар ва спорт ўйингоҳлари, «Янги Ўзбекистон» боғи барпо этилади. Бўш майдонларга ҳам дарахтлар экилиб, хиёбонга айлантирилади.

Давлат раҳбари 2024 йил режалаштирилганига қўшимча уйлар қуриб, имтиёзли ипотека кредитлари орқали аҳолига харид имкониятини яратиш бўйича кўрсатмалар берди. Шунга мутаносиб равишда инфратузилма тармоқлари, мактаб, болалар боғчаси каби ижтимоий муассасалар қурилишини жадаллаштириш, савдо ва хизматларни, жумладан, йўл бўйида умумий овқатланиш шохобчаларини ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: