16:45 | 30.07.24
Сирдарёда дарахт кесган фуқаролар қамалди. Улар табиатга 1 млрддан ортиқ зарар етказган.
Сайхунобод туман судида «Б.Х.» фермер хўжалиги раҳбари М.А., унинг шериклари А.А. ва К.З.га ҳукм ўқилди. Бу ҳақда Экология вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Сирдарё вилояти Экология бошқармаси томонидан М.А. шериклари билан олдиндан тил бириктириб, 2023 йилнинг декабрь ва 2024 йилнинг январь ойларида ўзига қарашли бўлган дала майдони четида кўкариб турган жами 21 туп қайрағоч дарахтларини қонунга хилоф равишда кесиб, сотиб юборганлиги аниқланган. Уларга нисбатан Жиноят Кодексининг 198 моддаси 2 қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Дарахтлар кесилиши оқибатида табиатга 1 миллиард 459 миллион 144 минг сўм зарар етказилган.
Судда М.А, А.А. ва К.З. нинг 21 туп қайрағоч дарахтини қонунга хилоф равишда кесиб, сотиб юборганлиги ўз исботини топган. Суд қарори билан дарахт кушандаларидан табиатга етказилган зарар ундирилиши белгиланган. Шунингдек, ҳар бир судланувчига 2 йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: