19:11 | 15.07.24
Солиқ қўмитаси виртуал ёрдамчини ишга туширди. У 24/7 режимида ишлаб, 3 та тилда гаплаша олади.
Солиқ қўмитаси солиқ тўловчилар учун сунъий интеллект базасида яратилган виртуал ёрдамчини ишга туширди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати маълум қилди.
Хабар берилишича, Солиқ қўмитаси солиқ тўловчиларга 24/7 режимида маълумот беришга мўлжалланган, ДаврОн деб номланган виртуал ёрдамчини ишга туширди. У ai.soliq.uz манзилида жойлашган.
ДаврОн – солиқ ва солиққа тортиш масалаларида маълумотлар ҳамда шахсий маслаҳатлар бера олади. Виртуал ёрдамчи ўзбек, рус ва инглиз тилларида мулоқот қила олади.
Мазкур ёрдамчи 3 ой давомида яратилган. Уни такомиллаштириш жараёни узлуксиз давом эттирилиши айтилди. Шу мақсадда Солиқ кодекси, Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, меъёрий ҳужжатлар ва йўриқномалар, шунингдек, солиқ органларининг cалл-марказига келиб тушаётган онлайн-НКТ, ЭҲФ, электрон рақамли имзо, электрон ҳисоботлар, маркировка ва бошқа хизматларга оид саволларга жавобларни ўз ичига олган 11 млн белгидан иборат билимлар базаси яратилган.
Виртуал ёрдамчи Солиқ қўмитасининг сунъий интеллект технологияларидан фойдаланадиган учинчи хизматидир.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: