11:33 | 20.07.24

                       

Telegram фирибгарларга қарши чораларни кучайтиради

Telegram фирибгарларга қарши чораларни кучайтиради. Бу тизим Instagram'да ҳам бор.

Telegram фойдаланувчилари саҳифаларида рўйхатдан ўтган жой ва сана ҳақидаги маълумотлар пайдо бўлади. Бу ҳақда мессенжер асосчиларидан бири Павел Дуров ўзининг саҳифасида хабар берди.

«Биз криптовалюта майдонига янги кирувчиларни алдашга уринаётган фирибгарларга қарши курашиш бўйича саъй-ҳаракатларимизни кучайтирмоқдамиз. Шаффофликнинг ошиши Telegram фойдаланувчиларига янги дунё имкониятлари ва хавф-хатарлари ҳақида маълумот олиш имконини беради», деб ёзди у.

Маълум қилинишича, худди шундай тизим Instagram ижтимоий тармоғида ҳам ишлайди. Павел Дуровнинг аниқлик киритишича, янгилик оммавий аккаунтларга тегишли (мессенжерда «яширин» аккаунтлар ҳам мавжуд).

Дуров яқин келажакда жорий қилинадиган бошқа бир қатор янгиликлар, жумладан, мини-иловалар дўкони ва Web3 саҳифаларини қўллаб-қувватлайдиган браузер ҳақида маълум қилди. Ташкилотлар ўз каналларини верификация қилиш виджетлардан фойдаланиши мумкин бўлади.

Telegram аллақачон фирибгарлар қуролига айланган. Унда сохта вакансия эълонлари, молиявий хизматлар ва бошқа схемалар эълон қилинади. Бу фирибгарларга фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари ва пулларини ўғирлаш имконини беради.