14:48 | 19.07.24
Термизда янги университет ташкил қилинади. Университет профессор-ўқитувчилари ва докторантлари чет элга илмий стажировка ва малака оширишга юборилади.
Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети ташкил этилади. Бу ҳақда Ҳуқуқий ахборот канали хабар берди.
Маълум қилинишича, 18 июль куни Президент қарори қабул қилинди. Унга кўра, Термиз муҳандислик-технология институти ҳамда Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институтини қўшиб юбориш орқали Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети ташкил этилади.
Муҳандислик, қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида мутахассислар ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш Университетнинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланган.
Шунингдек, 2024/2025 ўқув йилидан Университетда Илғор муҳандислик мактаби фаолияти ташкил этилади. Бунда, йирик ишлаб чиқариш корхоналари Илғор муҳандислик мактабига саноат ҳамкори сифатида бириктирилади.
Бундан ташқари, 2025/2026 ўқув йилидан Университет профессор-ўқитувчилари ва докторантларини хорижий давлатларнинг етакчи олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотларига илмий стажировка ва малака оширишга юборилади. Университетнинг бакалавриат ва магистратура босқичларига ўқишга қабул қилинган талабалар учун эса хорижий тилларда ўқитиладиган алоҳида гуруҳлар ташкил этилади.
Университетга халқаро эътироф этилган ташкилотларнинг амалдаги рейтингида олий таълим муассасалари орасида биринчи 300 талик рўйхатга кирган хорижий олий таълим ташкилотининг дастури асосида ўз таълим дастурларини шакллантириш ҳуқуқи берилади.
Термиз муҳандислик-технология институти ҳамда Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институтида таҳсил олаётган барча талабалар ўқишини Университетда давом эттиради ҳамда 2024/2025 ўқув йилидан битирувчи курс талабаларига белгиланган тартибда Университет дипломи берилади.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: