12:43 | 18.02.24

                       

Тошкент вилоятидаги боғчада 2 яшар бола куйиб қолди

Ангрен шаҳрида нодавлат мактабгача таълим ташкилотига мўлжалланаётган уйларнинг бирида куйиш ҳолати содир бўлди. Ҳозирги кунда боланинг аҳволи стабил, ҳаракати қониқарли деб баҳоланмоқда.

Тошкент вилояти Ангрен шаҳридаги хусусий боғчада 10 февраль куни икки яшар куйиб қолди. Шаҳар ҳокимлиги ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.

Фото: Ангрен шаҳри ҳокимлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, «Наврўз -1» маҳалласидаги оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотига мўлжалланаётган уйларнинг бирида шанба куни соат 14:00 ларда куйиш ҳолати содир бўлган.

Боланинг онаси яқин таниши бўлган, хонадон аъзоси Муҳаббат Д.га ишга чиқишини маълум қилиб, ўзининг розилиги билан бир ёш саккиз ойлик бўлган фарзандини қараб туришини илтимос қилган ва улар ўзаро келишгандан сўнг болани  унга олиб келиб топширган. Муҳаббат Д. болага қараган. Унинг айтишича, куйиш эҳтиётсизлик оқибатида рўй берган ва бу тўғрисида боланинг оиласига хабар берилган.

«Айни вақтда бемор бола, шаҳар марказий  шифохонасида шифокорлар назорати остида даволанмоқда. Умумий тананинг саккиз фоизи куйган. Беш кун давомида қилинган муолажалар натижасида боланинг умумий аҳволи яхшиланди. Ҳозирги кунда бола динамикаси, ҳаракати қониқарли, стандарт даво буюрилган», — дейди Ангрен шаҳри тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Ф.Иманов.

Ангрен шаҳар ҳокими бемор бола ва унинг онасидан хабар олди. Ҳолат бўйича суҳбатлашди. Онанинг мурожаатини тинглади. Боланинг соғлиғи доимий назоратда бўлиши, керакли муолажалари сифатли амалга ошириш ва мавжуд имкониятлардан фойдаланиш бўйича Тиббиёт бирлашмаси бош шифокорига топшириқлар берди. Ангрен шаҳар ички ишлар бўлими маъмуриятининг берган маълумотига кўра, боланинг куйиш ҳолати юзасидан ҳозирда шаҳар бўлим ҳузуридаги тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: