21:57 | 28.07.24
Тошкентда 11 дан соат 17 гача «свет» ўчирилмайди. Ижтимоий тармоқлардаги хабарлар асоссиз эканлиги маълум қилинди.
Тошкентда «свет» ўчирилиши билан боғлиқ хабарлар нотўғри. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Энергетика вазирлигининг 26 июль санасида соатлик ва кунлик электр энергияси истеъмоли рекорди янгилангани ҳақидаги хабарида келтирилган фактлар нотўғри талқин қилинган.
Хусусан, бир қатор Telegram каналларида 26 июль Тошкент шаҳрида соат 11 дан соат 17 гача айрим истеъмолчиларга киритилган қисқа муддатли вақтинчалик чекловлар ҳақидаги факт «Электр энергияси 11 дан 17 гача ўчирилади» мазмунида тушунилган.
Маълумотларга кўра, эртага ёки кейинги кунларда ҳам соат 11 дан соат 17 гача электр энергиясини ўчириш режалаштирилмаяпти.
Хабарда фақат келгусида кузатилаётган иссиқлик фонида қайсидир ҳудудда ортиқча юклама туфайли авария ҳолати юзага келиш эҳтимоли пайдо бўлса, ўша тармоқ ёки трансформатор токи совиб олгунига қадар қисқа муддат тармоқдан узиб турилиши мумкинлиги айтилган.
«Алоҳида қайд этамизки, айни кунларда ҳам генерация бўйича ҳеч қандай танқислик йўқ ва бу бўйича мажбурий ўчиришлар кўзда тутилмаган. Юқоридаги материалда айтилганидек, энерготизимда талабдан ортиқ 1300 МВт захира қувватлари мавжуд», дейилади хабарда.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: