11:29 | 29.07.24

                       

Тошкентда 25 ёшли қиз заргарлик дўконини ўмарди

Тошкентда 25 ёшли қиз Чорсу заргарлик дўконига ўғирликка тушди. У дўконни болгарка билан бузиб кирган.

Чорсу бозорида тилла буюмларни ўғирлаган қиз 8 йилга қамалди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати Bugun.uz’га хабар берди.

Қайд этилишича, судланувчи 1999 йилда туғилган, тикув цехида тикувчи бўлиб ишлаган М.С. ҳавфли рецидивист бўла туриб, ўзганинг жуда кўп миқдордаги мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида, 2024 йил 9 март куни соат 21:00 ларда Чорсу буюм бозоридаги тилла буюмлари дўконининг ертўласи кириш эшиги қулфини калит танлаш йўли билан очиб, ноқонуний тарзда кирган. У ертўладаги тилла буюмлар сақланадиган омборхонанинг эшиги қулфини ўзи билан олиб келган болгарка ёрдамида кесиб очиб, омборхонада бўлган темир сейфнинг ичида сақлаб келинган жабрланувчи А.М.га тегишли жами нархи 825.000.000 сўмлик 187 дона тилла узук, 27 дона тилла билагузук, 123 жуфт тилла зирак, 1 дона тилла тўноғич, 44 дона тилла зинжирли билак узук, 29 дона тилла занжир, 6 дона тилла занжир ҳамда 24 дона тақинчоқлар жойлаш учун мўлжалланган мосламаларни яширин равишда ўғирлаб, ҳодиса жойидан яширинган.

Суд мажлисида судланувчи М.C. айбига тўлиқ иқрор бўлиб, дастлабки тергов даврида берган кўрсатувларини тасдиқлаган.

Суд хулосасига кўра, М.C. Жиноят Кодексининг 169-моддаси 4-қисмининг «а» банди билан 8 (саккиз) йил муддатга озодликдан маҳрум қилилинган. Шунингдек, М.C.дан жабрланувчи А.М.нинг фойдасига етказилган 56.416.470 сўм моддий зарар ундирилиши белгиланди.