19:52 | 07.05.24

                       

Тошкентда 8 май куни ҳарбий парад ўтказилади

Тошкентда 8 май куни ҳарбий парад бўлиб ўтади. Мудофаа вазирлиги парад ўтказиладиган манзилларни маълум қилди.

Тошкентда 8 май куни «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасидан «Magic city» майдонигача ҳарбий парад ўтказилади. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси (Сағбон ва Зарқайнар кўчалари орқали) – Ўзбекистон давлат табиат музейи – «Чорсу» бозори – Тошкент цирки (Зарқайнар кўчаси) – «Халқлар дўстлиги» санъат саройи (Ўзбекситон шоҳ кўчаси ва Фурқат кўчаси) – «Magic city» майдони (Фурқат кўчаси) йўналиши бўйлаб ҳаракатланган ҳарбий бўлинмаларнинг «Magic city» майдонидаги тўхташ нуқтасида Фахрий қоровул жамоаси ва қўл жанги усталарининг кўргазмали чиқишлари, бўлинмаларнинг жанговар чақириғи, ҳарбий оркестрнинг дифеле намойишлари ижро этилади.

«Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабага ҳисса қўшган барча уруш ва фронт орти меҳнат фахрийларига юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, юрт ҳимоячиларининг Ватанга садоқатини намойиш этиш ҳамда аҳоли, айниқса, ёшларда фахр ва ифтихор туйғуларини ошириш мақсадида Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан 8 май куни Тошкент шаҳрининг асосий кўчаларида Мудофаа вазирлиги қўшинлари ҳарбий бўлинмаларининг намойишкорона пиёда юришлари ташкил этилади», — дейилади хабарда.

Маълумот учун, ҳарбий бўлинмаларнинг тантанали равишдаги пиёда юришлари 8 май куни соат 14:00 да «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасидан бошланади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: