13:17 | 23.07.24
Тошкентда бизнес марказ ёниб кетди. Ҳодиса жойига 6 та ёнғин-қутқарув экипажи жалб қилинган.
ФВВ матбуот хизмати Юнусобод туманида содир бўлган ёнғин тўғрисида маълумот берди.
Хабар берилишича, 23 июль куни соат 12:35 да Тошкент шаҳар Юнусобод тумани Ш.Рашидов кўчасида жойлашган янги қурилаётган бинода ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида ФВБга хабар тушган.
Шунга кўра, 6 та ёнғин-қутқарув экипажи ёнғин жойига етиб борган. Бинонинг том қисмидаги ёнғин соат 12:56 да бартараф этилган.
Ёнғин натижасида бинонинг том қисмидаги қурилиш маҳсулотлари ёниб зарарланган. Ёнғин-қутқарувчиларнинг тезкор саъй-ҳаракатлари туфайли ёнғиннинг кенгайиб кетиши олди олинган ва қисқа вақт ичида ўчирилган. Асосий бинога зарар етмаган.
Ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда. Тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ.