Тошкентда электробус ЙТҲ га учради
Ҳодиса оқибатида ҳайдовчи ва 5 нафар йўловчи жароҳат олган.
Тошкентда электробус йўл-транспорт ҳодисасига учраши оқибатида 6 киши жароҳатланди. Бу ҳақда Gazeta.uz хабар берди.

Маълум қилинишича, 2023 йилнинг 7 сентябр куни Тошкент шаҳри Бектемир туманида 13-сонли электробус бетон устунга урилган. Воқеа оқибатида 5 нафар йўловчи тан жароҳати олган.
«Тошшаҳартрансхизмат»га кўра, электробус 34−35 километр/соат тезликда ҳаракатланаётган бўлган. Айтилишича, икки йўналишли ҳаракат оқимига 3 та транспорт воситаси кириб келгани сабаб, машиналар электробусга халақит берган ва ҳайдовчи бошқарувни ўнг томонга буриб юборган.
Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида автобус ичида бўлган 15−20 нафар йўловчининг 5 нафари ҳамда ҳайдовчи жароҳат олган.
Жабрланган йўловчилар Яшнобод туманидаги 39-сонли шифохонага юборилган. Ҳозирда ҳудудий ички ишлар органлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Автобусга жиддий шикаст етгани айтилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда йўловчи электр автобуси, Lacetti ва Malibu иштирокида ЙТҲ содир бўлган эди.
Мавзуга доир: «Гармошкали» янги автобуслар ва электробусларнинг Тошкентдаги «саргузаштлари» ҳақида