11:55 | 02.08.24
Тошкентда машина олиб беришни ваъда қилган фуқаро 90 млн жаримага тортилди.
Тошкентда фуқаро танишининг машина учун берган пулларини ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган. Бу ҳақда пойтахт ИИББ матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 2023 йилнинг март ойида айбланувчи танишига Damas автомашинасини ҳеч қандай навбатларсиз олиб беришни ваъда қилган. Жабрланувчи унинг ваъдасига ишониб, унга 5 минг АҚШ долларини берган. Орадан анча вақт ўтгач, жабрланувчи алданганлигини билиб, тегишли жойларга ҳолат юзасидан мурожаат қилган.
«Одамларга ҳайронсан, расмий сотув салонларига мурожаат қилмай, таниш-билишлар орқали ишларини битиргиси келади. Навбатда тургиси, кутгиси келмайди. Лекин фирибгарнинг ортидан пулларини ололмай югур-югурига унданда кўп вақти кетишини ўйламайди», — деди Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси.
Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди айбланувчининг қилмишини қонунан кўриб чиқиб, Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) билан айбли деб топган. Суд етказилган зарар қопланганлигини инобатга олиб, шунингдек Жиноят кодексининг 60-61-моддалари тартибида илгари ўталмай қолган жазони қўшиш йўли билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари миқдорида – 90 миллион сўм жарима ва иш ҳақининг 10 фоизини давлат даромадига ушлаб қолиш билан бир йилга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлаган.