21:18 | 15.07.24

                       

Тошкентда фуқаронинг 51 млн сўмлик жаримаси бекор қилинди

Тошкентда фуқаронинг 51 млн сўмлик жаримаси бекор қилинди. У онасига ажратилган ер майдони учун 18 йил ер солиғини тўлаган.

Қибрай туманидаги фуқаронинг Кадастр агентлиги томонидан белгиланган 51 млн сўмлик жаримаси бекор қилинди. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари омбусдмани матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Тошкент вилояти, Қибрай туманида яшовчи фуқаро Н.Н. Инсон ҳуқуқлари омбудсманнинг Тошкент вилоятидаги минтақавий вакилидан унга қўлланилган жаримани бекор қилишда амалий ёрдам сўраган. У ўз мурожаатида табиий ресурсларга эгалик ҳуқуқини бузгани важи билан Кадастр агентлиги томонидан 51 миллион сўмлик жарима жазоси белгиланганлигини маълум қилган.

Минтақавий вакил фуқаро Н.Н. мурожаати асосида жойига чиқиб ўрганиш ишларини ўтказди. Аниқланишича, девор билан ўралган 280 м² ҳудуд Қибрай туман ҳокимининг 2005 йилдаги қарори асосида фуқаронинг онаси Н.К.га ободонлаштириш учун ажратилган ва ушбу ер майдон учун 18 йил ер солиғи тўлаб келинган. Ҳозирда ушбу ҳудудга 25 туб мевали дарахтлар экилган. Яъни, фуқаро ободонлаштириш учун ажратилган ер майдонини девор билан ўраб олган. У ерда қурилиш ишларини амалга оширмаган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, фуқаро Н.Н.нинг жарима жазосини бекор қилиш тўғрисида Жиноят ишлари бўйича Қибрай туман судига даъво ариза киритилди. Суд қарорига кўра фуқаро Н.Н.га қўлланилган 51 миллион сўм миқдордаги жарима жазоси бекор қилинган.