9:17 | 27.02.24

                       

Тошкентда мебель цехдаги ёнғин салкам 6 соатда ўчирилди

Тошкентнинг Чилонзор туманида жойлашган мебель цехидаги ёнғин салкам 6 соатда ўчирилди. Оловни ўчиришга 20 та ёнғин-қутқарув экипажи ва 5 та сув ташувчи автомобиллар жалб этилган. Қутқарувчилар 5 кишини ичкаридан олиб чиққан. Ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги мебель цехда ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, 27 февраль куни Чилонзор тумани «Бектўпи» МФЙ Дийдор кўчасида жойлашган мебель ишлаб чиқариш цехида ёниб кетган. Ёнғин жойига соат 00:17 да  ёнғин-қутқарув экипажлари етиб бориб, соат 01:29 да ўраб олинган ва соат 05:52 да тўлиқ бартараф этилди. Ўт ўчиришга 18 та асосий, 2 та махсус ёнғин-қутқарув экипажи ва 5 та сув ташувчи ёрдамчи автомобиллар жалб этилди.

Ёнғин-қутқарувчиларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида 5 нафар ишчи ёнғиндан қутқарилиб, тез тиббий ёрдам ходимларига топширилган. Ёнғин оқибатида ҳалок бўлганлар йўқ. Ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда. 

Мазкур ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Воқеа жойига ФВВ раҳбарияти, Тошкент шаҳар ФВБ бошлиғи ва ўринбосарлари, ИИБ, Прокуратура, «Ҳудудгазтаъминот» ва ССБ, туман ФВБ раҳбар ва ходимлари чиқишган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: