13:30 | 29.04.24

                       

Тошкентда «Она уйи» очилади

Тошкентда «Она уйи» ижтимоий маркази очилади. Бу ерда ёш болали оналарга пул, уй-жой ва тиббий ёрдам берилади.

Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя Миллий агентлиги ташаббуси билан Қозоғистоннинг «Ана Уйі» жамоат фонди ҳамкорлигида Тошкентда «Она уйи» ижтимоий маркази очилади. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Ижтимоий ҳимоя Миллий агентлиги

Қайд этилишича, Ижтимоий ҳимоя Миллий агентлиги ва «Ана Уйі» ижтимоий лойиҳаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Ҳамкорликнинг мақсади қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, ижтимоий ва иккиламчи етимликнинг олдини олишдаги тажриба ва методологик кўникмалар алмашишга қаратилган узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат.

Биринчи «Она уйи» ижтимоий маркази 8-10 нафар ёш болали аёлни қабул қилиши мумкин. Иккинчи босқичда «Она уйи» натижалари асосида ҳамда Ўзбекистоннинг маълум бир минтақаси эҳтиёжларига қараб лойиҳани мамлакат бўйлаб кенгайтириш белгиланган.

Она уйи маркази қийин ижтимоий вазият ва турли салбий ҳолатларда оналарга болаларини ўзлари тарбиялаш имкониятини бериш орқали ёрдамлашади. Бу ерда уларга маънавий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатилади ҳамда ушбу ёрдам барча зарур нарсалар, хусусан, уй-жой, озиқ-овқат, кийим-кечак, шунингдек, аёл ва бола учун тиббий ёрдамни ўз ичига олади.

«Шу билан биргаликда, ‘Она уйи’ лойиҳаси доирасида марказда яшовчи оналарни касбий тайёрлаш дастури амалга оширилади. Келгусида ‘Она уйлари’да тикувчилик устахоналарини очиш, оналарга турли мутахассисликлар бўйича таълим бериш режалаштирилган», дейилади хабарда.

Натижада «Она уйи» марказида бўлган вақт давомида аёллар ижтимоийлашиши, профессионал касбга эга бўлиши ҳамда ўзи ва фарзандларини таъминлаш мақсадида келажак учун маблағ топиши мумкин.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: