18:21 | 16.07.24
Тошкентда қидирувдаги блогер Шерали Комилов ҳибсга олинди. Уни қўлга олишда 15 нафарга яқин ИИО ходимлари қатнашган.
Тошкентда 1 йилдан бери қидирувда бўлган блогер Шерали Комилов ҳибсга олинди. Бу ҳақда «Эзгулик» жамияти фаоли Абдураҳмон Ташанов ўзининг Facebook’даги саҳифасида хабар берди.
Қайд этилишича, 15 июль куни соат 17:00 лар атрофида Тошкент вилояти Қибрай тумани Дўрмон аҳоли пунктида блогер Шерали Комилов ҳибсга олинган.
У Қашқадарё вилояти ИИБ Тергов бўлими томонидан бир йил аввал қидирувга берилган. Блогернинг аввал Қибрай тумани ИИБга, сўнг Республика ИИВнинг 1-сонли тергов изоляторига олиб кетилгани айтилмоқда.
Шунингдек, Қашқадарё вилояти ИИБ Тергов бўлими терговчиси санкцияси билан Шерали Комилов истиқомат қилган хонадонда тинтув ўтказилган. Тинтув давомида блогерга тегишли ашёлар, техникалар суриштирув органи томонидан олиб кетилди. Гувоҳларга кўра, блогерни қўлга олиш жараёнида 15 нафарга яқин ИИО ходимлари қатнашган.
Блогер Қашқадарё вилоятига этап қилиниши мумкин. Унга нисбатан вилоят ИИБ томонидан фирибгарлик, туҳмат ва ҳақорат сингари айбловлар билан жиноят иши қўзғатилган. У сўнги бир йил давомида терговдан яшириниб келган.
«Тергов органини тергов жараёнида процессуал нормаларга қатъий амал қилишга чақирамиз. Шерали Комилов 1979 йилда Қашқадарё вилояти Китоб тумани Қайнар қишлоғида туғилган. Дастлаб ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида, сўнг хусусий тадбирокрлик ва блогерлик фаолияти билан шуғулланган», — дейилади хабарда.
Маълумотларга кўра, Шерали Комилов «Detektiv Uz» You Tube канали муаллифи.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: