11:15 | 23.04.24

                       

Тошкентдаги 24 та маҳалла электр таъминотидан узилди

Тошкентдаги 24 та маҳалла электр таъминотидан узилди. «Тошкент шаҳар электр тармоқлари» «свет» ўчишининг сабабини маълум қилди.

Тошкент шаҳар Юнусобод туманининг айрим ҳудудларида электр энергияси таъминотида узилишлар кузатилмоқда. Бу ҳақда «Тошкент шаҳар электр тармоқлари» ахборот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, 23 апрел куни Юнусобод туманининг айрим ҳудудларини электр энергияси билан таъминловчи қуввати 110/35/10 кВ бўлган юқори кучланишли «Юнусобод» нимстанциясидаги мавжуд юқори кучланишли электр қурилмаси шикастланиши натижасида фавқулодда авария ҳолатида электр таъминотида ўчишлар юзага келган.

Юзага келган носозликни тезкор бартараф этиш ҳамда мавжуд юқори кучланишли электр қурилмасини таъмирлаш ишларини хавфсиз бажариш мақсадида «Юнусобод» нимстанцияси ўчирилди.

Натижада:

Юнусобод туманининг: «Адолат», «Биллур», «Қошчинор», «Мингчинор», «Нурмакон», «Собиробод», «Учқаҳрамон», «Ҳасанбой», «Катта Ҳасанбой», «Ҳамкоробод», «Шарқ ҳақиқати», «Тикланиш», «Исломобод», «Ўзбекистон мустақиллиги», «Янги бог», «Юнус ота», «Севинч», «Аҳмад Дониш», «Қадрдон», «Шоштепа», «Юртобод», «Увайсий», «Кулол» ҳамда «Ёлайриқ» МФЙ ҳудудидаги аҳоли яшаш хонадонларида авария ҳолатида электр таъминотида узилишлар кузатилмоқда.

Айни вақтда, «Тошкент шаҳар электр тармоқлари» МЧЖ тасарруфидаги Юнусобод ТЭТнинг тезкор чиқиш бригадалари томонидан мазкур ҳолат назоратга олиниб, носозликни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: