15:06 | 15.09.23

                       

Украина Купянксдан икки минг кишини фавқулодда эвакуация қилди

Урушдан олдин ҳудудда 57 минг аҳоли яшаган бўлса, ҳозирда 12 минг киши қолган.

Украина ҳукумати 2023 йил 13 сентябр куни Харков вилоятининг Купянск туманидан 2 000 дан ортиқ фуқарони фавқулодда эвакуация қилган. Бу ҳақда вилоят маъмурияти тарқатган маълумотларга асосланиб CNN нашри хабар берди.

Фото:new.myseldon.com

Вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синиегубовнинг маълум қилишича, ҳозиргача 2 339 киши эвакуация қилинган, улардан 350 нафари болалар. Яна 1 438 киши ўзлари мустақил равишда ҳудудни тарк этган.

«Эвакуация давом этмоқда. Одамлар бу уларнинг уйи, туғилган ерлари эканини тушунтиришга уринишади ва кетишни исташмайди. Бироқ, биз полиция билан биргаликда имкон қадар кўпроқ одамларни эвакуация қилиш учун ишлаяпмиз»,– деб маълумот берган Олег Синиегубов.

Маълумотларга кўра, Россиянинг Украинага босқинидан олдин Купянскда 57 минг атрофидаги фуқаро истиқомат қилган. Ҳозирда эса улардан фақат 12 000 нафари ҳудудда яшамоқда.

Украина ҳарбий идоралари хабарига кўра, Купянскдаги фронт жиддийлигича қолмоқда. Ҳудудга мудофаа чизиғи жуда яқин келиб қолган.

«Душман ҳужум операцияларини кучайтириш ва мудофаамизни ёриб ўтиш учун навбатдаги «шиддатли мушт»ни шакллантирмоқда. Улар қанотлар бўйлаб ҳужум операцияларини амалга оширяпти. Ҳарбийларимизнинг мудофаасини ёриб ўта олишмагач, янги ҳужум кучларини шакллантириш учун учун чекинишга мажбур бўлишмоқда» – дея қўшимча қилган Синиегубов.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг 9 август куни Украина ҳукумати 54 та ҳудуддан аҳолини кўчириш тўғрисида қарор қарор чиқарган эди. Мазкур ҳудудлар, асосан, Россия билан мудофаа чизиғи атрофида жойлашган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: