20:39 | 15.07.24

                       

«UzAuto Motors» АЖда коррупция ҳаракатлари аниқланди

«UzAuto Motors» АЖда коррупция ҳаракатлари аниқланди. Ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга юборилган.

«UzAuto Motors» АЖ коррупцияга йўл қўйган. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда «UzAuto Motors» АЖ томонидан 2024 йил 8 июль куни ўтказилган 1,3 миллиард сўмлик давлат харидида аффилланган шахслар иштирок этиб, ғолиб бўлганлиги юзасидан хабарлар эълон қилинган.

Келтирилган ҳолатлар юзасидан Агентлик томонидан ўтказилган ўрганишда ушбу харид жараёнида иштирок этган тадбиркорлик субъектларининг раҳбар ва таъсисчилари яқин қариндош эканлиги, шу боис мазкур жамиятлар аффилланган шахслар ҳисобланиши маълум бўлган.

Харид комиссияси томонидан юқоридаги давлат харидларини амалга оширишда «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонуннинг бир қатор талаблари бузилганлиги сабабли буюртмачига харид натижаларини бекор қилиш ҳақида тақдимнома киритилди.

Ўрганиш жараёнида тўпланган ҳужжатлар айбдор шахсларга қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга юборилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: