12:00 | 03.12.23

                       

Ўзбекистон ва БААда ҳайдовчилик гувоҳномалари ўзаро тан олинади

БАА резиденти бўлган миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига эга Ўзбекистон фуқаролари Амирликлар ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш вақтида тегишли назарий ва амалий синовлардан озод этилади.

Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳрида ИИВ вазири Пўлат Бобожонов БАА Бош вазири ўринбосари — Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Шайх Сайф бин Зоид Ол Наҳаён билан учрашди, деб хабар берди Ички ишлар вазирлиги.

Учрашувда томонлар ўзаро амалий ҳамкорликнинг долзарб масалалари, хусусан, трансмиллий уюшган жиноятчилик, терроризм, экстремизм, одам савдоси ва кибержиноятларга қарши биргаликда курашиш, мазкур йўналишларда ходимларнинг малакасини ошириш ва ўзаро тажриба алмашишни муҳокама қилган.

Ташриф доирасида «Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Бирлашган Араб Амирликлари Ҳукумати ўртасида ҳайдовчилик гувоҳномаларини ўзаро тан олиш ва алмашиш тўғрисида»ги англашув меморандуми икки давлат ички ишлар вазирлари томонидан имзоланган.

Мазкур Англашув меморандумининг кучга кириши вақтидан бошлаб ҳар икки давлат фуқаролари ўзларининг миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари билан иккинчи томон давлатининг ҳудудига ташриф буюрган даврда (узоқ муддатга яшаш учун келганлар бундан мустасно) транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқига эга бўлади.

Шунингдек, БАА резиденти бўлган (узоқ муддат яшаш ҳуқуқини олганлар) миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига эга Ўзбекистон фуқаролари эса Амирликлар ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш вақтида тегишли назарий ва амалий синовларни топширишдан озод қилиниши кўзда тутилган.

Ҳужжат 2024 йилнинг 27 январ кунидан кучга кириши белгиланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: