19:59 | 08.01.24
Мирзиёев янги иш ўринларини ташкил этишга топшириқ берди.
Президент матбуот хизматининг хабар беришича, Шавкат Мирзиёев бугун, 8 январ куни аҳоли бандлигини ошириш ҳамда тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талабларни қисқартиришга оид таклифлар тақдимоти билан танишди.
Тақдимотда Ўзбекистонда ишсизлар сони 1 миллион 300 минг нафарни ташкил қилиши, 2024 йилда яна 2 миллион 400 минг аҳоли меҳнат бозорига кириб келиши маълум қилинди. «Менинг бизнесим» платформаси, «Бизнесга биринчи қадам» банк карталари жорий этилиши иш билан банд аҳолининг фаолиятини кенгайтиришга қулайлик яратиши таъкидланган.
Иқтисодий айланмага киритилмаган ерларни инфратузилмага улаш, лойиҳаларни ишга тушириш учун ташаббускорларни қўллаб-қувватлаш зарурлиги қайд этилди. «Агрегатор» тизими асосида «100 минг экспортчи деҳқон» дастури жорий қилиниб, 2024 йилда 15 минг гектар ер майдонлари аукционга чиқарилиши белгиланди. Меҳнат стажига эга бўлмаган шахсларни касб-ҳунарга ўқитиш, ижтимоий реестрдаги фуқароларни ишга олган корхоналарга солиқ бўйича енгилликлар қўллаш муҳимлиги ҳам айтиб ўтилди.
Бундан ташқари, ушбу йилдан эътиборан 34 турдаги ҳисоботлар бекор қилинмоқда. Бунинг натижасида ҳар йили 21 мингдан ортиқ тадбиркорнинг 500 миллион сўм харажати тежалади.
Маълумот учун, сўнгги йилларда республикада ўзини ўзи банд қилган аҳоли сони 2 миллион 400 минг кишини ташкил қилади.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: