17:37 | 06.05.24
«Унинг боши ёрилган, юзи йиртилган ва жағи синган эди». Жиззахда 25 ёшли аёлни эри уриб ўлдирди.
Жиззахда 25 ёшли аёлни эри қасддан уриб ўлдирди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати Bugun.uz’га хабар берди.
Маълум бўлишича, 25 ёшли аёл уйидан оғир жароҳатлар билан ўлик ҳолда топилган. Ҳодиса Жиззах вилояти, Шариф Рашидов тумани, «Тараққиёт» маҳалласида 11 апрель куни соат тахминан 20:35 да содир бўлган.
«Қизим жуда қўрқинчли аҳволда эди. Унинг боши ёрилган, юзи йиртилган ва жағи синган эди. Бўйнига жароҳат етказган. Қизимни ваҳшиёна калтаклаб, ўлдирган», — деди марҳуманинг онаси.
Шунингдек, марҳуманинг опаси ўлдирилган аёл ва унинг эри ўртасидаги жанжаллар ҳақида гапириб берди.
«Улар шу кунгача яхши яшашмаган. Доимий жанжал бўларди. 2022 йилда жуда қаттиқ урушишган ва у уйга қайтиб келган эди. Ундан кейин унга ордер олиб беришган. Аммо шу ордерни ҳам бузиб, кейин бу ҳолат содир бўлди. Унинг 3 яшар ўғли ҳаммасини айтиб беряпти. Боланинг олдида унга қаттиқ тан жароҳат етказган, боланинг эсидан чиқмаяпти. ‘Дадам аямни чўп билан урди. Ўлдиʼ деб айтиб беряпти у. Биз бу ҳолат юзасидан қатъий чора кўришингизни сўраймиз», — деди марҳуманинг опаси.
Ҳолат юзасидан марҳуманинг эри ва эрининг оиласи интервью беришни хоҳлашмади. «Тараққиёт» маҳалласи хотин-қизлар фаоли Дилноза Оқилова ҳолатга муносабат билдирди.
«Марҳума жуда яхши келинчак эди. Уйига ҳар борганимизда тоза ва саранжом турарди. Эри баъзида жанжал қилиб турарди. Жанжал сабабини сўрасак аёлини уй тозалигида айбларди. Кейинчалик келинчакнинг ўзидан алоҳида сўрадим, у ижтимоий тармоқларда бегона одамлар билан ёзишганлиги учун, рашк қилиб жанжал чиқишини айтган эди» — деди у.
Ҳолат юзасидан Шароф Рашидов туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: