20:27 | 17.04.24

                       

Жиззахдаги қишлоққа тоғдан айиқ тушиб келди

Жиззахдаги қишлоққа тоғдан тушиб келган айиқ хонадонлар ва чорва молларига зарар етказмагани маълум қилинди. Айиқни яшаш ареалига беталафот ўтказиб юбориш чоралари кўрилмоқда.

Жиззах вилоятининг Янгиобод туманида аҳоли яшаш хонадонларига айиқ тушиб келди. Экология вазирлиги ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, ҳолат Жиззах вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари томонидан ўрганилмоқда.

Ўрганиш давомида ҳақиқатан ҳам 17 апрел куни тунда Янгиобод туманининг Дўстлик маҳалласи Чакан қишлоғи ҳудудига айиқ тушиб келгани ва тонг вақтида Янгиобод тумани ўрмон хўжалиги ҳудудига ўтиб кетгани аниқланган. У маҳалла аҳолиси, хонадонлар ва чорва молларига зарар етказмаган.

Ҳозирда туман Экология инспекцияси ва вилоят ИИБ ходимлари томонидан айиқни ўрмон хўжалиги ҳудудидан ўз яшаш ареалига беталафот ўтказиб юбориш чоралари кўрилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: