16:31 | 20.01.23

                       

Ангренда мактабда қорлар тозаланмагани учун ўқитувчиларни айблаган прокурор узр сўради

Ангренда мактабда қорлар тозаланмагани учун ўқитувчиларни «маошларини бекорга олаётганликда» айблаган прокурор кечирим сўради. Унинг айтишича, мактаб ҳудудини ўқитувчи ва мураббийлар эмас, балки ушбу ишга масъул шахслар бажаришини ташкиллаштириш лозимлигини сўрамоқчи бўлган

Ангрен шаҳри прокурори мактаблардан бирига текшириш учун келиб, йўллар қордан тозаланмаганидан норозилигини билдириб, ўқитувчилар маошларини беҳуда олаётганини таъкидлаган видео тарқалганди. Шаҳар прокурори Улуғбек Ҳабилжонов ушбу ҳолатдан афсусдалиги айтиб, барча ўқитувчилардан кечирим сўради.

Шаҳар прокурори, 2-сектор раҳбари сўзининг аввалида ўқитувчи ва мураббийларга чуқур ҳурмат сақлаган ҳолда улардан узр сўради.

«Мен Ангрен шаҳар прокурори, 2-сектор раҳбари Улуғбек Ҳабилжонов бўламан. Сўзимнинг аввалида ўқитувчи ва мураббийларга чуқур ҳурмат сақлаган ҳолда улардан узр сўраб қоламан. Хабарингиз бор, кеча ижтимоий тармоқларда менинг Ангрен шаҳридаги 22-сонли умумтаълим мактаб ҳудуди қордан тозаланмагани бўйича қилган видеохабарим терқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Ушбу ҳолат бўйича қуйидагиларни маълум қиламан. Жорий йилнинг 18 январь куни шаҳр ҳудудидаги мактабларнинг ўқув йилига тайёргарлик ҳолатини ўрганиш мақсадида шаҳарнинг 4 та сектор раҳбарлари билан ўрганиш олиб бордик. 22-мактаб ҳудудида бўлган вақтимизда ҳудуд қор ва музламалардан тозаланмагани ва ўқув жараёнида ўқувчи ва ўқитувчиларнинг соғлиғига хавф туғилишини инобатга олиб, Telegram’да мактаб маъмуриятига ҳудудда тозалаш ишларига масъул кишилар ишни бажармаганини билдириб, буни бартараф қилиш лозимлигини айтдим», — деди прокурор.

Прокурор мактаб ҳудудини ўқитувчи ва мураббийлар эмас, балки ушбу ишга масъул шахслар бажаришини ташкиллаштириш лозимлигини сўрамоқчи бўлган.

«Мен ушбу ҳолатдан қаттиқ афсусдалигимни билдириб, бизга таълим бериб келаётган ёш авлодни тарбиялашда жонбозлик кўрсатаётган барча ўқитувчилардан узр сўраб қоламан», — дея қўшимча қилди Улуғбек Ҳабилжонов.

Тошкент вилояти прокуратурасининг маълум қилишича, Ангрен шаҳар прокурорига фаолиятда йўл қўйган хато ва камчиликлар учун интизомий жазо чораси қўлланилган.

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова ушбу вазият Бош прокуратура томонидан назоратга олинганини маълум қилди.

«Ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган вазият юзасидан Бош прокуратура раҳбарияти билан гаплашдим, ҳолат айни дамда назоратга олинган ва ўрганилмоқда. Президентимизнинг тегишли қарорларига асосан педагог ходимларини хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилиш қатъиян тақиқланганини эслатиб ўтаман.

Ўқитувчи қадрланмаган юрт ҳеч қачон тараққий этмайди. Шу боис барчадан жумладан мутасадди раҳбарларимиздан бугун давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ўқитувчиларни улуғлаш ва жамиятда энг обрўли инсон қилиш давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаб, бу борада энг аввало ўзимиз ўрнак кўрсатишимизни сўраб қоламан», — деб ёзади Умарова.

Аввалроқ Саида Мирзиёева ўқитувчилар зиммасига кераксиз ва ноқонуний вазифалар юклашни тўхтатишни сўрагани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда ўқитувчиларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани маълум қилинганди. «Афсуски, фарзандларимизга таълим бераётган ўқитувчилар йиллар давомида ҳақ-ҳуқуқсиз, ҳимоясиз, қадрсиз бўлди. Улардан боғбон, фаррош, мактабга келган комиссияларга хизмат кўрсатувчи официант, зерикарли тадбирларда бўш залларни тўлдирувчи ‘массовка’, матбуот нашрларига мажбурий обуначи, тунги навбатчи ва мактаб қоровули сифатида фойдаланилди», — деган эди Саида Мирзиёева.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: