19:03 | 31.10.24
Тошкентдаги ёнғинда 74 ёшли фуқаро ҳалок бўлди. Ёнғинга марҳумнинг ётоғида сигарет чаккани сабаб бўлгани айтилмоқда (видео).
Тошкентнинг Олмазор туманидаги ёнғинда бир киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда пойтахт Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Малум бўлишича, ҳодиса 31 октябрь куни соат 02:13 да туманнинг «Чинобод» МФЙ Сағбон 30-берк кўчасида жойлашган 5 уйда содир бўлган. Шунга кўра, ёнғин-қутқарув экипажлари зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, ёнғин қисқа вақт ичида бартараф этган.
Ёнғинда хонадоннинг тахминан 10 кв/м майдонда ички қисми ёниб зарарлангани ва хонадонда яшовчи 74 ёшли фуқаро ҳалок бўлган. Оила аъзоларининг сўзларига кўра, марҳум инсульт касаллигига учраган ва шу сабабли ҳаракатлана олмаган. Охирги йилларда оила аъзолари назоратида бўлган.
Бирламчи маълумотларга кўра, ёнғинга марҳумнинг ётоғида тамаки маҳсулоти чаккани сабаб бўлган, дея тахмин қилинмоқда. Ҳозирги вақтда ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқлаш бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: