8:09 | 24.12.21
Пуллар унга нисбатан қўзғатилган жиноий иш доирасида музлатиб қўйилганди
Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага нисбатан қўзғатилган жиноий иш доирасида музлатиб қўйилган маблағлардан 70 миллион долларга яқини унинг «Takilant» компаниясига қайтарилади. Бу ҳақда «Swissinfo» хабар берди.
Маълум қилинишича, тегишли қарор Швейцария Федерал жиноят судида эълон қилинган, тергов давомида активлар жиноят натижасида қўлга киритилгани аниқланмаган.
Қайд этилишича, «Takilant» ҳозирда жиноий тергов қилинаётган бешта Швейцария ҳисоб рақамининг иккитаси билан боғланган. Ўз навбатида, Гулнора Каримова компаниянинг бенефициари (банкка пул қўйган омонат эгаси ёки унинг меросхўри, депозит ёки омонат (жамғарма) сертификати эгаси) бўлган ва мусодара қилинган умумий сумма 350 миллион доллардан ортиқни ташкил этган. Бироқ Швейцария Федерал жиноят суди 293 миллион доллардан ортиқ маблағни мусодара қилиш ҳақида қарор чиқарган. Бунинг сабаби ишда иштирок этган бир неча шахснинг оғир жиноятда — «пул ювиш»да айбдор деб топилгани бўлган.
Таъкидланишича, 2020 йилда Швейцария апелляция суди Каримованинг 2018 йилда мамлакат банкидаги маблағлари музлатиб қўйилган Гибралтарда жойлашган «Takilant» ширкатининг қонуний бенефициари экани ҳақидаги даъвосини қаноатлантирган.
Гулнора Каримовага нисбатан ҳукм 2020 йилнинг март ойида чиқарилган. Суд қарори билан у 13 йилу 4 ойга озодликдан маҳрум этилган. Қолган судланувчиларга ҳам қилмишларининг оғирлиги ва ижтимоий хавфлилиги, содир этилган жиноятдаги роли инобатга олинган ҳолда тегишли жазо тайинланган. Барча кўрилган жиноят ишлари доирасида етказилган зарар миқдори 3,8 триллион сўм (165 миллион доллар)ни ташкил этган.
Хорижий тергов материаллари ва расмий манбалардан маълум бўлишича, Гулнора Каримова ва унга алоқадор шахслар томонидан Латвия, Швейцария, Франция, Швеция, Нидерландия ва эҳтимол бошқа мамлакатларда ҳам «пул ювиш» учун ноқонуний коррупция схемаларидан фойдаланилган.
Аввалроқ «Пандора ҳужжатлари»нинг Гулнора Каримовага алоқадор қисми эълон қилинганди. Шунингдек, Ислом Каримов рафиқасининг жияни Москвадаги пентхаусини сотувга қўйгани хабар берилганди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: