16:00 | 22.01.22
Bugun.uz мамлакатнинг 2021 йилдаги ташқи савдо айланмаси бўйича маълумот берди
Ўзбекистоннинг 2021 йилдаги ташқи савдо айланмаси 42,1 миллиард долларга етди. Кўрсаткич 2020 йилдагига нисбатан 5,8 миллиард доллар, яъни 16 фоизга ўсган. Мамлакат эскпорти бу даврда 16,6 миллиард долларни ташкил этган бўлиб, бу 2020 йилга нисбатан 10 фоизга кўп ҳисобланади. Импорт эса бу даврда 25,5 миллиард долларга етиб, 2020 йилга нисбатан 20,4 фоизга ўсган. Ташқи савдо балансида 2021 йилда 8,9 миллиард долларлик салбий сальдо қайд этилган.
Ўзбекистон ҳозирда дунёнинг 182 мамлакати билан савдо алоқаларини амалга оширмоқда. Ташқи савдо айланмасида асосий ҳамкорлар Россия (17,9 фоиз), Хитой (17,7 фоиз), Қозоғистон (9,3 фоиз), Туркия (8,1 фоиз), Корея Республикаси (4,5 фоиз), Қирғизистон (2,3 фоиз) ва Туркманистон (2,1 фоиз) ҳисобланади. 2021 йилдаги ташқи савдонинг ярмидан кўпи дастлабки 4 та мамлакат: Россия, Хитой, Қозоғистон ва Туркия ҳиссасига тўғри келган.
Мамлакатнинг 37,7 фоиз савдоси Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари билан амалга оширилган. Мазкур ташкилотга аъзо давлатларнинг Ўзбекистон ташқи савдосидаги улуши 2020 йилга нисбатан 5,1 фоизга кўпайган.
Ҳудудлар миқёсида эса ташқи савдо айланмасида энг кўп улуш 39,1 фоиз билан Тошкент шаҳри ҳисобига тўғри келган. Қайд этиш керакки, Тошкент шаҳрининг мамлакат экспортидаги улуши 22,9 фоиз бўлгани ҳолда, импортнинг деярли тенг ярми — 49,6 фоизи пойтахт ҳисобига тўғри келади.
Экспорт таркиби
2021 йилда Ўзбекистон экспорти ҳажмининг ортиши, асосан, тўқимачилик маҳсулотлари ва кийим-кечак савдосининг 1,5 баравар (2,9 миллиард доллар), рангли металлар ва улардан тайёрланган буюмлар савдосининг 1,6 баравар (1,5 миллиард доллар), машина ва ускуналар савдосининг 1,6 баравар (0,7 миллиард доллар), кимёвий маҳсулотлар савдосининг 1,4 баравар (1,2 миллиард доллар), хизмат кўрсатишнинг 1,3 баравар (2,5 миллиард доллар) ортгани билан боғлиқ. Мамлакат олтин экспорти 2021 йилда 2020 йилга нисбатан қарийб 30 фоизга қисқариб, умумий экспорт ҳажмидаги улуши 38,4 фоиздан 24,7 фоизга камайган.
Табиий ёки сунъий газ экспорти эса 2021 йилда 717 миллион АҚШ долларини ташкил этган. 2020 йил билан таққослаганда табиий ёки сунъий газ экспорти 1,5 бараварга ошган.
Умумий ҳисобда эскпорт таркиби қуйидагича:
Мева-сабзавотлар экспорти жами экспортнинг 5,8 фоизини ташкил этади. Ўзбекистондан чет элга 2021 йилда узум (208,5 миллион АҚШ доллари), мош (102,3 миллион), гилос (84,9 миллион), помидор (59,9 миллион), шафтоли (43,9 миллион), хурмо (34,4 миллион), пиёз (27,8 миллион), ерёнғоқ (23,5 миллион) каби мева-сабзавотлар сотилган. Мева-сабзавотлар энг кўп Россия (30,5 фоиз) ва Қозоғизтонга (20,5 фоиз) экспорт қилинган бўлиб, жами сотилган мева-сабзавотларнинг ярмидан кўпи (51 фоизи) шу мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади.
Тўқимачилик маҳсулотлари умумий экспортнинг 17,1 фоизини ташкил этади. 2021 йилда мамлакат тўқимачилик маҳсулотлари энг кўп Россия (31,1 фоиз) ва Хитойга (21,7 фоиз) сотилган. Бу турдаги асосий экспорт маҳсулоти пахтадан йигирилган ип (1,6 миллиард АҚШ доллари), шунингдек, тайёр трикотаж ва тикувчилик кийимлари (644,9 миллион АҚШ доллари) ҳисобланади.
Хизматлар экспорти ҳажми эса 2021 йилда 2,5 миллард доллардан ортиқроқни ташкил этган бўлиб, бу жами экспорт ҳажмининг 15,3 фоизи дегани. Хизматлар экспортининг асосий улуши 2021 йилда транспорт (67,8 фоиз) ва туризм ҳиссасига (16,6 фоиз) тўғри келган.
Импорт таркиби
Импортда ҳажмнинг ошиши асосан озиқ-овқат маҳсулотлари импортининг 35 фоизга (2,9 миллиард доллар), кимёвий маҳсулотлар импортининг 24 фоизга (4,3 миллиард доллар), қора металлар ва улардан тайёрланган буюмлар импортининг 35 фоизга (2 миллиард доллар), энергия ташувчи ва нефть маҳсулотлари импортининг 39 фоизга (1,5 миллиард доллар), хизмат кўрсатишнинг 42 фоизга (1,7 миллиард доллар) сезиларли ўсиши билан боғлиқ.
2021 йилда Ўзбекистон 157 та давлатдан товар ва хизматлар импорт қилган бўлиб, бу йўналишдаги асосий ҳамкорлар Россия, Хитой, Қозоғистон, Корея Республикаси, Туркия, Германия ва Туркманистон ҳисобланади. Бу мамлакатларнинг Ўзбекистон жами импортидаги улуши 70,8 фоизни ташкил этади.
Қайд этиш керакки, 2021 йилда мамлакатнинг асосий импортёри Россия бўлди. 2020 йилда асосий импорт Хитойдан амалга оширилган.
Умумий ҳисобда эскпорт таркиби қуйидагича:
Мамлакат импортининг 32,4 фоизини ташкил этадиган машиналар ва асбоб-ускуналар импорти бўйича асосий ҳамкорлар Хитой ва Корея Республикаси ҳисобланади. Ўзбекистонга 2021 йилда импорт қилинган асбоб-ускуналарнинг 48,1 фоизи шу мамлакатлардан кириб келган.
Импорт статистикасидаги яна бир муҳим жиҳат шундаки, 2021 йилда Ўзбекистон 154 миллион АҚШ доллари қийматига тенг табиий (ёки суъний) газ импорт қилган. Табиий газ импорти 2020 йилга нисбатан 3 бараварга ошган.
Баҳодир Абдуллаев тайёрлади
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: