18:43 | 26.01.22

                       

Олимлар Гонконг грипи эпидемиясидан огоҳлантирди

Мазкур грипп тури 11 та давлатда аниқланган

Америкалик олимлар H3N2 (Гонконг) грипи штами Шимолий ярим шарда эпидемия мавсумида ҳукмронлик қилишини маълум қилди. Бу ҳақда «Известия» хабар берди.

Фото: «Reuters»

Маълум қилинишича, бу вариант ушбу минтақа учун ЖССТ томонидан тасдиқланган вакцина таркибига киритилмаган. Шу сабабли унинг тарқалиш хавфи ҳақиқатан ҳам юқори ҳисобланди. Россияда ҳам мазкур грипга чалиниш кўрсаткичи ошмоқда, жумладан, бошқа респиратор вируслар орасида грипнинг улуши 12–15 фоизни ташкил қилади.

«Вируснинг айланиб юрувчи штамлари орасида А (H3N2) устунлик қилади ва B типидаги грипп вируслари эса алоҳида ҳолларда учрайди», — дейди россиялик эксперт.

Касалликларни олдини олиш ва назорат қилиш бўйича Европа маркази маълумотларига кўра, 2021 йил декабрь ойи ўрталаридан бошлаб грипп вируслари Европа Иттифоқида экспертлар ўйлагандан ҳам юқори частотада тарқалмоқда. 2021 йилнинг сўнгги ойида Европа интенсив терапия бўлимларида инфекциялар сони барқарор равишда ўсиб, йилнинг сўнгги ҳафтасида 43 беморга етган.

Мутахассисларнинг фикрича, респиратор вируснинг тарқалишига эпидемияга қарши чора-тадбирларнинг сустлашгани, 2021 йилга нисбатан эмланганлар сонининг камайиши, одамларнинг пандемиядан умумий чарчаши ҳам таъсир кўрсатган.

«Биз 2021–2022 йилларда Шимолий яримшарда грипга қарши эмлаш натижасида олинган антитаначалар H3N2’нинг янги штамига яхши таъсир қилмаганини аниқладик», — деган америкалик олимлар.

Ковид пандемияси даврида грипп вируси жуда паст даражада тарқалган ва аҳолининг ушбу вирусларга қарши иммунитети паст», дейилади хабарда.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, 2021 йилнинг ёзидан буён АҚШ, Австралия, Ҳиндистон, Кения, Непал, Бирлашган Араб Амирликлари, Сингапур, Нидерландия, Норвегия, Швеция ва Россияда А гриппи (H3N2) вирусини юқтириш ҳолатлари қайд этилган.

Аввалроқ дунёда илк марта одамда парранда грипининг «H10N3» штами аниқланганди. Шунингдек, парранда грипи янги пандемияни келтириб чиқариши мумкинлиги маълум қилинган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: