19:31 | 11.02.22

                       

Ўзбекистон демократия рейтингида 150-ўринни эгаллади

Рейтингда 165 та мамлакат ва 2 та автоном ҳудуд иштирок этган

Ўзбекистон «Economist Intelligence Unit» томонидан эълон қилинган жаҳон демократия индексида 150-ўринни эгаллади.

Фото: «Bugun.uz»

Рейтинг маълумотларига кўра, ҳозирда дунё аҳолисининг 6,4 фоизи (21 та давлат) тўлиқ демократик мамлакатларда яшаса, 37,1 фоиз (59 та давлат) аҳоли авторитар режимга эга давлатларда яшайди.

Қайд этилишича, дунёдаги энг демократик мамлакатлар Норвегия, Янги Зеландия, Финляндия, Швеция ва Исландия ҳисобланади.

Энг ёмон натижани мос равишда Афғонистон, Мьянма, Шимолий Корея, Конго Демократик Республикаси ва Марказий Африка Республикаси, Сурия ва Туркманистон қайд этган.

Ўзбекистон мазкур рейтингда 165 та мамлакат ва 2 та автоном ҳудуд орасида 150-ўринни қайд этган. Мамлакат Марказий Осиё давлатлари орасида 3-ўринни эгаллаган. Минтақанинг кичик рейтинги қуйидагича:

  1. Қирғизистон;
  2. Қозоғистон;
  3. Ўзбекистон;
  4. Тожикистон;
  5. Туркманистон.

Ўзбекистон рейтингда максимал 10 баллдан 2,12 баллик натижа қайд этган ва авторитар режимдаги мамлакат деб топилган. Категориялар бўйича мамлакат қуйидагича баҳоланган:

  • сайлов жараёни ва плюрализм — 0,08;
  • ҳукуматнинг функциялари — 1,86;
  • сиёсий иштирок ҳолати — 2,78;
  • сиёсий маданият — 5;
  • фуқаролар эркинлиги — 0,88 балл.

Маълумот учун, демократия индекси 2006 йилдан буён эълон қилиб келинади.

Индекс 5 та категория асосида тузилади: сайлов жараёни ва плюрализм, ҳукуматнинг функциялари, сиёсий иштирок ҳолати, сиёсий маданият ҳамда фуқаролар эркинлиги. Мамлакатларга шу 5 категория бўйича баҳо берилади.

Ушбу индексда мамлакатлар 4 турга ажратилган: тўлиқ демократия, тўлиқ бўлмаган демократия, гибрид режим ва авторитар режим.

Ўртача кўрсаткичи 8 баллдан юқори мамлакатлар тўлиқ демократия деб эътироф этилади. 6 ва 8 балл оралиғи — тўлиқ бўлмаган демократия, 4–6 балл — гидрид режим ва 4 баллдан камроқ натижа кўрсатганлар авторитар режим деб топилади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: