13:45 | 13.02.22

                       

Путин–Байден мулоқоти, фуқароларини Украинани тарк этишга чақирган давлатлар, фаолияти тўхтатилган элчихоналар: Украина атрофидаги кескинлик кучаймоқда

Bugun.uz вазият билан боғлиқ энг муҳим хабарларни тўплади

Ҳафта бошида Россия президенти Владимир Путин ва Франция етакчиси Эммануэль Макроннинг Москвада бўлиб ўтган музокараларидан сўнг Украинадаги эҳтимолий ҳарбий эскалация ҳақидаги хабарларнинг бироз пасайиши кузатилди. Аммо 11 февраль куни АҚШ расмийлари «босқин» эҳтимолини яна бир бор таъкидлаб, ҳатто унинг санасини ҳам маълум қилди. Москва эса Украина билан жанг қилишни истамаслигини эълон қилишда давом этмоқда. «Bugun.uz» вазият билан боғлиқ энг муҳим хабарларни тўплади.

Фото: «UA.news»

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Украина атрофидаги инқирозни дипломатия йўли билан ҳал қилиш имконияти сақланиб қолаётганини, аммо бунинг учун Россия «эскалация эмас, дескалация билан шуғулланиши керак»лигини айтди.

Украина чегара хизмати россияликларнинг мамлакатга кириши тақиқлангани ҳақидаги миш-мишларни рад этди. «Давлат чегарасини кесиб ўтишни тартибга солувчи Украина қонунчилиги мавжуд ва чегарачилар унга қатъий риоя қилади», — дея қўшимча қилди департамент матбуот котиби Андрей Демченко.

«CNN» телеканали Украина шарқида вазият кескинлашган тақдирда Россиянинг Вашингтон ва Киевга қарши киберҳужумларини қайтариш учун АҚШ расмийлари тайёргарлик кўраётганини маълум қилди.

Фото: «РБК»

Донецк Халқ Республикаси раҳбари Денис Пушилин Донбасда 150 мингга яқин украиналик ҳарбий хизматчи алоқа чизиғига жойлаштирилганини маълум қилди. Австралия Канададан кейин Киевдаги элчихона ишини вақтинча тўхтатди.

Россия ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова Россиянинг Украинага яқинлашиб келаётган «босқин»и ҳақидаги ҳикоя Вашингтон томонидан тарқатилаётганини маълум қилди.

Фото: «РИА Новости»

Украина бош вазири Денис Шмигал фуқароларни ваҳима қўзғашдан огоҳлантирди ва мамлакат армияси ҳамда иқтисодиёти ўзини ишончли ҳис қилаётганини таъкидлади.

Буюк Британия мудофаа вазири Бен Уоллес Россиянинг Украинага босқини содир бўлиши муқаррар сценарий деб ҳисоблашини айтди, бироқ айни пайтда вазиятни юмшатиш томон ҳаракат қилишни истисно қилмади.

Багама ороллари, Кипр, Болгария, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Баҳрайн, Швеция, Чехия, Иордания, Марокаш ва Саудия Арабистони ўз фуқароларига Украинани тарк этишни тавсия қилган давлатлар қаторига қўшилди.

Путин ва Байден телефон орқали тахминан бир соат музокара олиб борди. Оқ уйга кўра, Байден Путинга Украина атрофида вазият кескинлашса, Россия учун оқибати сезилиши ҳақида аниқ маълумот берган.

Фото: «РБК»

Ўз навбатида, Кремлнинг таъкидлашича, Байден суҳбат чоғида Путинга Москва хавотирлари бўйича бир қатор мулоҳазаларни таклиф қилган, бироқ улар хавфсизлик кафолатлари бўйича Россиянинг асосий таклифларига тааллуқли бўлмаган. Москва, шунингдек, Байден Украинадаги вазият туфайли Россияга қарши санкцияларни тилга олиши кутилганини, бироқ бу масалага урғу берилмаганини қўшимча қилган.

Президент Владимир Путин Франция президенти Эммануэль Макрон билан ҳам 1 соату 40 дақиқа телефон орқали гаплашиб, Украина атрофидаги вазиятни муҳокама қилди. Франция Путиннинг Макронга айтган сўзларига асосланиб, Россиянинг босқинга тайёрланаётгани ҳақиқатдан йироқ эканини маълум қилди.

Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу америкалик ҳамкасби Ллойд Остин билан телефон орқали гаплашиб, ўзаро манфаатли хавфсизлик масалаларини муҳокама қилди.

Украина президенти Владимир Зеленский Россиянинг Украинага бостириб кириши ҳақида ҳозирда жуда кўп маълумотлар борлигини айтиб, бу борада аниқ далиллар келтиришни сўради. Шунингдек, «Ваҳима қилманг, ҳаммаси назорат остида», — дея таъкидлаб, Россиянинг Украинага яқин кунларда бостириб кириши ҳақидаги хабарларга изоҳ берди.

Британия Мудофаа вазирлиги мамлакат ҳарбий инструкторлари 12–13 февраль кунлари Украинани тарк этишини очиқлади.

Сербия президенти Александр Вучич Россия ва Украина чегарасида вазият кескинлашгани сабабли 10 минг тонна туз, 1000 тонна ловия ва нўхат, шунингдек, 30 минг тонна қуруқ сутга буюртма берилганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, мамлакат, шунингдек, нефть маҳсулотларини захиралашни режалаштирмоқда, аммо бунинг учун маблағ топиш керак.

АҚШ президенти Жо Байден иттифоқчиларини Россия 16 февраль куни Украинага ҳужум қилиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Бундай тахминни давлат раҳбари 11 февраль куни Европа Иттифоқи, NАТО, Канада, Франция, Германия, Италия, Буюк Британия, Польша ва Руминия вакиллари билан онлайн музокаралар чоғида айтган. Вашингтон ҳамкорларни ҳужумдан олдин ракета зарбаси ва киберҳужумлар бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Россиянинг Украинага бостириб кириши Пекин Олимпиадаси тугагунига қадар — 20 февралгача бошланиши мумкин, дея яна бир тахминни илгари сурди Америка етакчисининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан. Унинг сўзларига кўра, ҳужум ҳаводан амалга оширилиши мумкин.

Аввалроқ Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Россияни қўшинларини чегарадан олиб кетишга ва дипломатик мулоқотга чақирганди. Шунингдек, Maxar Technologies компанияси Украина чегараси яқинида ва Қрим ҳудудидаги Россия ускуналарининг янги сунъий йўлдош суратларини намойиш қилганди ҳамда Украинанинг чегарасида Россия, Беларусь томонидан 140 минг ҳарбий хизматчи борлиги маълум бўлган, шунинг билан бирга, Россиянинг Украинага ҳужуми бошланмаган, аммо махфий хизматлар Кремль Украинада ўрнатмоқчи бўлган режим ҳақида маълумот берганди. Маълумотларга кўра, у қўғирчоқ Рада миллионлаб украиналик учун концлагер қуриш ҳамда «Россия, Беларусь ва Украина иттифоқ давлати»ни яратишни ўз ичига олади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: