23:57 | 24.03.22
Бугуннинг энг сара суратларини эътиборингизга ҳавола этамиз
Баҳорнинг яна бир ёмғирли куни ортда қолди. Бундан бир ой олдин, 24 февраль куни Россия Украинага босқинни бошлаганди. Бу бир ой ичида дунё ва Ўзбекистонда қатор янгиликлар содир бўлди. Шу жумладан, бугун ҳам («Бугун» билан ҳар доим янгилик!). Бугуннинг энг эътиборга молик суратларини кўриб чиқишни эса ҳозир айни вақти.
Ўзбекистонда Тошкент халқаро инвестиция форуми старт олди. Форум доирасида Шавкат Мирзиёев Сурхондарёдаги янги ИЭС қурилишини бошлаб берди.
Россиядаги «McDonald’s» фастфуд тармоғининг биринчи филиали ҳозир шундай кўринишда. Ҳа, ундан из ҳам йўқ. «Энди қайтмаса ҳам керак», деб ёзади блогер Илья Варламов.
Украина президенти Владимир Зеленский уруш бошланганига бир ой тўлгани муносабати билан ўз Telegram каналида (том маънода аҳолини руҳлантирадиган) пост қолдирди. «Россия ҳарбий кучларининг дастлабки режаси босқиннинг биринчи кунларида барбод бўлди. Улар украиналиклар қўрқиб кетади деб ўйлашган. Улар украиналиклар жанг қилмаслигига ишонганди. Улар нотўғри фикрда бўлган», — деб ёзади президент.
Грузиянинг Тбилиси шаҳридаги Парламент биноси ёнида жойлашган Оксана Баулина хотирасига бағишланган мемориал. Баулина «The Insider» журналисти эди. У 23 март куни Украина пойтахтида ҳалок бўлди.
Бу сурат бугун туширилмаган, аммо актуал. Чунки суратдаги хоним — Косово урушининг «архитектори» — АҚШ ташқи ишлар вазири — Маделин Олбрайт бугун, 24 март куни вафот этди. Клинтон даврида АҚШнинг илк аёл Давлат департаменти котиби бўлган Маделин ҳақида кўпроқ билиш учун ушбу мақолага кўз югуртириб чиқинг.
Хавфсизлик ходимлари собиқ президент Пак Кин Хени ўз қароргоҳи олдида ўраб олди. У омма олдида баёнот бераётган пайтида номаълум шахс унга шиша улоқтирмоқчи бўлди.
Бельгиянинг Брюсссель шаҳрида NATO’га аъзо давлатлар раҳбарлари альянснинг навбатдаги саммитини ўтказишга тўпланди. Суратда Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон (чапда) ва АҚШ президенти Жо Байден (ўнгда) қўл бериб кўришмоқда. Орқа фонда эса Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон.
Норвегия ҳарбийлари NATO’га аъзо давлатлар, шунингдек, Финляндия ва Швециядан 30 000 га яқин аскарни тўплаган «Cold Response — 2022» номли ҳарбий машғулотларда қатнашмоқда.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: