14:09 | 21.05.22
Бунгача касаллик 11 та давлатда тарқалган
Исроилда 20 май куни маймунчечак билан касалланишнинг биринчи ҳолати аниқланди. Бу ҳақда «Times of Israel» хабар берди.
Маълум қилинишича, Ғарбий Европага саёҳат қилган 30 ёшли эркак касаллик белгилари билан тез ёрдамга мурожаат қилган. У хасталик сабаб карантинга олинган, ҳозирда эркакда маймунчечакнинг енгил аломатларни кузатилмоқда. Чечак билан боғлиқ касалликлар илгари фақат Марказий ва Ғарбий Африкадан келган одамларда кузатилган. Маймунчечак одатда иситма, титроқ, тошма ва юз ёки жинсий аъзоларда яраларни келтириб чиқаради. ЖССТнинг ҳисоб-китобларига кўра, касаллик ҳар ўн кишидан бирини ўлдиради, аммо вакциналар чечакка қарши курашади. Ҳозирда касалликка қарши воситалар ҳам ишлаб чиқилмоқда.
Ўтган ҳафтада Буюк Британия, Испания, Португалия, Италия, АҚШ, Швеция ва Канадада, асосан, Африкага илгари саёҳат қилмаган ёшлар орасида инфекциялар қайд этилган. Франция, Германия, Бельгия ва Австралия 20 май куни маймунчечакнинг биринчи ҳолатларини тасдиқлаган.
Британия соғлиқни сақлаш расмийлари касаллик жинсий йўл билан юқишини ўрганмоқда. Соғлиқни сақлаш расмийлари шифокорлар ва ҳамширалардан юзага келиши мумкин бўлган ҳолатларга тайёр бўлиши сўралган, аммо аҳоли учун хавф паст экани айтилмоқда. 20 май куни Британия маймунчечакнинг 11 та янги ҳолати ҳақида хабар бериб, мамлакат ва Европадаги сўнгги инфекцияларнинг «эътиборли қисми» Африкага ҳеч қачон саёҳат қилмаган, жинсий алоқада бўлган йигит ва эркакларда кузатилганини таъкидлаган.
Аввалроқ ЖССТ маймун касаллиги бўйича фавқулодда экспертлар йиғилиши ўтказиши ва АҚШдаги ҳайвонот боғида маймунлар коронавирусга чалингани маълум қилинган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: