22:33 | 27.05.22

                       

Украинага яқинлашаётган «янги хавф», таҳдид остида қолган рус нефтига эмбарго ва урушда Украинага устунлик берадиган қурол

Bugun.uz Россия–Украина урушининг 27 май кунги воқеалари ривожи тўғрисида маълумот беради

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 27 май куни содир бўлган можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: «The Hill»

Зеленский: «Россия ҳақиқий тинчлик музокаралари олиб боришни хоҳламаяпти»

Украина президенти Владимир Зеленский Россия Украинадаги ҳарбий можарога барҳам беришдан манфаатдор эмаслигини айтиб, Россия ҳақиқий тинчлик музокараларини ўтказишни эмас, ультиматум қўймоқчилигини маълум қилди. Шунингдек, давлат раҳбари Россия президенти Владимир Путин билан доимий равишда музокаралар олиб боришга ҳаракат қилаётганини қўшимча қилди.

«Россия раҳбари билан муҳокама қилиниши керак бўлган масалалар бор. Мен сизга халқимиз у билан гаплашишга иштиёқи борлигини айтмаяпман, лекин биз бошдан кечираётган ҳақиқатни қабул қилишимиз керак», дея ёзган Владимир Зеленский Индонезия таҳлил марказига йўллаган мурожаатида мамлакат ўз мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолиш ниятида эканини қўшимча қилган ҳолда.

Унинг сўзларига кўра, Россия ҳалигача «жиддий тинчлик музокаралари»га тайёрлигини кўрсатмаган.

Ҳарбий эксперт 1 июндан Украина учун «янги хавф» таҳдид солаётгани ҳақида огоҳлантирди

Ҳарбий эксперт Олег Жданов Украина европалик сиёсатчиларнинг дам олиш мавсуми туфайли ёзда қурол-яроғ бўйича музокараларда қийинчиликларга дуч келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Унинг айтишича, «Украина муаммоси» айрим европалик сиёсатчилар учун устувор масала эмас.

«Унутманг, сиз ва мендан бошқа бутун дунё тинч-тотувликда яшамоқда. Уларда на фавқулодда ҳолат, на ракета зарбалари бор. Унутмангки, 1 июнь яқинлашмоқда. Европа сиёсатида эса байрам мавсуми бошланмоқда. Ким қарор қабул қилади? Ким ўтиради? Сизнингча, улар ёзда қолиб, глобал муаммоларни ҳал қилади деб ўйлайсизми?» деган Жданов.

Россия нефтига эмбарго хавф остида қолди — «Bloomberg»

Россиянинг Украина ҳудудига кенг кўламли ҳарбий бостириб кириши фонида унга қарши жорий этилиши кутилаётган нефть эмбаргоси хавф остида қолди. 

Келтирилишича, Венгриянинг нефть эмбаргосига нисбатан позицияси туфайли Европа Иттифоқининг алоҳида давлатлари раҳбарлари Россиядан фақат денгиз орқали ташиладиган нефть импортини тақиқлашни таклиф қилмоқда, айни пайтда қувурлар орқали етказиб беришга вақтинча рухсат берилган. Ҳозирда ЕИ давлатлари ҳукуматлари Европа кенгаши ва Еврокомиссия билан Россия нефтини «Дружба» қувури орқали ташиш вақтинчалик санкциялардан озод қилинадиган режани муҳокама қилмоқда.

Бу Венгрияга Россия нефтидан босқичма-босқич воз кечиш учун вақт беради.

Ҳарбий таҳлилчи Украинда Қуролли кучларга жанг майдонида «ўз қоидаларини белгилаш имконини берадиган» қуролни айтди

«Reuters» агентлигининг миллий хавфсизлик бўйича мухбири Жонатан Лендли Байден маъмурияти MLRS ракета тизимларини Украинага топширишни тасдиқлашга тайёрланаётгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.

Унинг сўзларига кўра, бундай ҳаракат жанг майдонидаги ўйин қоидаларини Украина Қуролли кучлари фойдасига сезиларли даражада ўзгартиради.

Шу билан бирга, Австралия армиясининг истеъфодаги генерал-майори Мик Райан ушбу янгиликни шарҳлар экан, Украинага MLRS ракета тизимларини етказиб бериш «стратегик хусусиятга эга» эканини таъкидлади.

Брюсселда NATO мудофаа вазирларининг Украина иштирокида режалаштирилган учрашуви бўлиб ўтади

Брюсселда 15–16 июнь кунлари Украина, Грузия, Финляндия ва Швеция ҳамкор давлатлари иштирокида NATO’га аъзо давлатлар мудофаа вазирларининг йиғилиши бўлиб ўтади.

«Шимолий Атлантика кенгашининг мудофаа вазирлари даражасидаги йиғилиши 15–16 июнь кунлари Брюсселда бўлиб ўтади. Йиғилиш ишчи кечки овқат билан бошланади, унга шериклар: Грузия, Украина, Финляндия ва Швеция таклиф этилади. Кечки овқат матбуот учун ёпиқ эшиклар ортида ўтказилади», дейилади альянс баёнотида.

«Алоҳида, 15 июнь куни штаб-квартирада АҚШ томонидан ташкил этилган Украина бўйича алоқа гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтади. Учрашувга яқинроқ барча тадбирларнинг батафсил дастури оммага эълон қилинади», — дейилади ҳужжатда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: